Skip to main content
Yangiliklar

Вилоят бўлимларида иш қизғин

By 29.08.2020No Comments

Ўзбекистон Таэквондо WTF Ассоциацияси вилоят федерациялари билан ишлаш бўйича мутахассиси Ходжамкулов Хусниддин Аббосхонович билан пандемия даврида вилоят бўлимларида қандай ишлар амалга оширилганлиги ҳақида суҳбатлашдик.

– Ҳусниддин ака, бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда вилоятларда ўтган 5 ой давомида қандай ишлар амалга оширилганлиги ҳақида маълумот берсангиз?
– Албатта COVID-19 коронавирус инфекцияси барчамизни жиддий синовдан ўтишга мажбур қилди. Ассоциациямиз раҳбари зудлик билан шошилинч чоралар кўриш ва уни олдини олиш йўлида мутахассислар билан келишган ҳолда барча спорт заллар дезинфекция қилинди. Машғулотлар олиб бориш тўхтатилиб мураббийлар кўмагида спортчилар уйларида туриб онлайн йиғинда иштирок этиши йўлга қўйилди. Шуниси эътиборга моликки таэквондочилар машғулотларда қатнашибгина қолмай Мамлакат ва Халқаро миқёсидаги онлайн мусобақаларда иштирок этиб кўплаб ёш спортчиларимиз ғолиб ва совриндорлар сафидан ўрин эгаллашди. Россия, Эрон давлатлари федерацияси томонидан ташкил этилган турнирларда Наманган ва Тошкент вилояти спортчиларининг аксарияти олтин медалларга эга чиқди. Бундан хулоса қилиш мумкинки вилоятлардаги бўлимларда ишлар тўхтаб қолгани йўқ ва спортчилар ўз жисмоний холатларини йўқотмаганлар. Яна бир эътиборга молик жиҳати куни кеча Андижон вилояти жамоаси аъзолари ва мураббийлари учун Жанубий Корея давлати Куккивон Таэквондо WTF академияси профессори 8-ДАН қора белбоғ соҳиби тажрибали устоз Мин Хак Сео онлайн тарзда маҳорат сабоқларини ўтказди.

– 12-14 август кунлари Таэквондо WTF нинг пумсе йўналиши бўйича мустақиллигимизнинг 29 йиллигига бағишлаб “Биз уни енга оламиз” шиори остида онлайн тарзда Республика чемпионати ўтказилди. Мазкур чемпионатда мутахассислар кутган натижа қайд этилдими ёки камчиликлар бўлдими?
– Ушбу мусобақа 18-30 ёшгача бўлган эркаклар ва аёллар орасидан кучлиларни саралаб берди. Чемпионатда Қоракалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан жами 200 га яқин спортчилар беллашишди. Мусобақа давомида нафақат иштирокчилар балки бевосита ҳакамлик қилиб борган мутахассислар ва мураббийлар орасидан ҳам энг яхшилари номи аниқланди. Бир сўз билан айтганда чемпионат давомида ҳеч қандай камчилик ва хатоликлар кузатилмади. Ғолиб ва совриндорларга Ассоциация томонидан пул мукофотлари топширилди.

– Вазият бироз енгиллашгани билан эҳтиёт чораларини кўриш муҳим эканлиги сир эмас. Энди мураббий ва спортчиларнинг тайёргарлиги қай тарзда кечади?
– Хозирги вазиятда вилоятлардаги спорт залларида машғулотларни бошлаган мураббийлар санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этган ҳолда иш олиб боришмоқда.

– Жорий йил яна қандай мусобақалар ўтказиш режаси бор?
– Вазиятдан келиб чиққан ҳолда режага кўра насиб қилса октябрь-ноябрь ойларида ўсмирлар, ёшлар ва 40 ёшдан юқори бўлган фахрийлар ўртасида ҳам Ўзбекистон чемпионатини ўтказишни мақсад қилиб қўйдик.

??? Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати