Skip to main content
Yangiliklar

Пиёда юриш нима учун энг фойдали машғулот эканлигига оид илмий далиллар

By 04.08.2020No Comments

Юриш –инсон учун энг оддий ва фойдали машғулот. Econet.ru бир неча нуфузли манбалардан юришнинг фойдасига оид илмий далиллар билан бўлишди.
Юриш тана учун энг табиий жисмоний жараён ҳисобланади. Шундай бўлса-да, аксарият одамлар имкон қадар камроқ пиёда юришга ҳаракат қилади. Инсоният камроқ юриш учун нималар ўйлаб топмади дейсиз: эскалаторлар, лифтлар, электросамакатлар, сигвей, автомобиллар ва ҳ.к. Ваҳоланки, илмий тадқиқотларнинг кўрсатишича, айнан пиёда юриш – умрни узайтириш учун жуда фойдали машғулот.
Хўш, нима учун пиёда юриш – энг фойдали машғулот?
1. Пиёда юриш – бу секин югуриш
Бироз кулгили эшитилиши мумкин, лекин экспертлар мантиғига таянадиган бўлсак, жисмоний машқлар самараси уч омилга боғлиқ – интенсивлик, давомийлик ва машқларнинг умумий частотаси.
Нуфузли American Heart Association ва American College of Sports Medicine ташкилотлари ҳафтасига камида 5 марта, кунига 30 дақиқа пиёда юришни тавсия қилишади. Худди шу ташкилотларнинг югуриш учун тавсияси эса: ҳафтада 3 марта, 20 дақиқадан.
2. Пиёда юриш ва калорияларни йўқотиш
Масалан, 70 кг вазнга эга киши югуриш вақтида соатига тахминан 500-600 ккал сарфлайди, худди шу одам пиёда юриш давомида соатига 250 ккал сарфлайди. Бошқача айтганда, ортиқча калорияларни йўқотиш бўйича ярим соатлик югуриш бир соат пиёда юришга тенг экан.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, калориялар устида ишлаш керак бўлса, яхшилаб ўйлаб кўринг, сизга 2-3 соат пиёда сайр қилган маъқулми ёки 1 соат югуриш. Охир-оқибат йўқотилган калориялар миқдори бўйича самара бир хил бўлади.
3. Илм-фан пиёда юришнинг фойдаси ҳақида
Эксперт ва олимларнинг пиёда юришнинг фойдаси ҳақидаги фикрларни Гиппократдан бошлаш мумкин, у тахминан 2400 йил аввал “Пиёда юриш – инсон учун энг яхши даво воситаси” деб айтган.
University College London’нинг икки олими 1970 йилдан 2007 йилга қадар пиёда юришга доир барча тадқиқотларнинг мета-таҳлилини ўтказган. Улар 4295 мақолани ўрганиб, улардан ишончлилик даражаси бўйича энг юқори ҳисобланган 18 тасини саралаб олган. Бу 18 тадқиқот умумий ҳисобда юрак касалликларидан жабрланмаган 459 833 кишини қамраб олган. Уларнинг бари 11,3 йил давомида назорат остида бўлган, ҳаммаси турли касалликлар, асосан юрак-қон томир тизими касалликлари (юрак хуружи, инсультлар, қон томирлари операцияси, ангиопластика, ангина ҳамда ўлим ҳолатлари)га кузатилган.
Пиёда юришнинг фойдаси бўйича қуйидагилар аниқланган:
• Мунтазам равишда пиёда юриш юрак-қон томир касалликлари хавфини 31 фоизга камайтиради;
• Кузатув йиллари давомида мунтазам равишда пиёда юрган кишиларда ўлим ҳолати эҳтимоли ўзини ортиқча уринтирмаган кишиларга нисбатан 32 фоизга кам бўлган.
Ҳарвард Университетининг етти кенг кўламли тадқиқоти мета-таҳлилига асосан ҳам шунга ўхшаш хулоса ва рақамлар ҳам келтирилган:
• Ҳарварднинг 10 269 нафар битирувчиси орасида камида 9 миль масофага пиёда юриш (кунига 2 км’дан ортиқ) ўлим хавфининг 22 фоизга камайишига тўғри келган;
• Тиббиёт соҳасида ишловчи 44 452 киши орасида – кунига камида 30 дақиқа пиёда юрганлар юрак ишемик касалликлар хавфига 18 фоизга камроқ чалинишган;
• 72 488 тиббиёт ҳамшираси орасида ҳафтасига 3 соат пиёда юрган ходимларда юрак хуружи – 35 фоизга, инсульт хавфи 34 фоизга кам бўлган.
Ушбу тадқиқотларда юрак-қон томир касалликларидан жабрланганлар истисно қилинган, бироқ бундай касалликка чалинганлар учун пиёда юришнинг фойдаси бормикан? Бу мавзуда ҳам кенг кўламли тадқиқот ўтказилган.
Олимлар 8 946 бемор иштирокида 48 илмий ишни кўриб чиқиб, шундай хулосага келишган: ҳафтасига 3 марта 30 дақиқа давомида бажарилган меъёрий жисмоний ҳаракат (пиёда юриш ёки велотренажерда шуғулланиш каби) – юрак-қон томир касалликлари натижасида келиб чиқадиган ўлим хавфини – 26 фоизга, бошқа барча касалликлар натижасидаги ўлим ҳолатларини эса 20 фоизга камайтирган.