Пара-таэквондо бўйича Жаҳон чемпиони хитойлик Ли Юйцзе ушбу спорт тури унга ишонч билан яшашга ва ногиронлигини қабул қилишга куч берган деб ҳисоблайди.
2019 йилги Жаҳон чемпионати финалида Ли сербиялик Мария Мичевани мағлуб этиб 58 кг вазн тоифасида К-44 аёллар чемпионлигини қўлга киритганди.
“2019 йилги Жаҳон чемпионатидаги иштирокимга назар ташлар эканман, биринчи жангда жуда асабийлашгандим, чунки бу менинг биринчи йирик халқаро мусобақам эди ва бундан ҳам муҳими мен мезбон спортчига қарши жанг қилдим. Туркиялик мухлислар менга жуда катта босим ўтказишди”, – дейди Ли Халқаро Паралимпия қўмитаси расмий сайтига.
Бу ғалаба уни Хитойда пара-таэквондо бўйича биринчи Жаҳон чемпионига айлантирди.
Ли 2021 йилга қолдирилган Паралимпия ўйинларига тайёргарлик учун қўшимча вақт унга мусобақада ғолиб бўлиш имкониятларини оширишини маълум қилди.
“Бир йилдан кўпроқ давом этадиган ушбу тайёргарлик даври менга асосий кўникмалардаги бўшлиқни тўлдириш ва фикрлашимни яхшилаш учун ёрдам беради”, – дейди Ли.
“Мен албатта олтин учун курашаман”.
Ли бошланғич синфда ўқиб юрганида ўнг қўлидан айрилгач дастлаб енгил атлетика билан шуғулланди. Кейинроқ таэквондо мураббийи унда қобилиятни сезиб қолди.
“Таэквондо билан шуғулланишни бошлаганимдан буён ўзимни кучлироқ ва ишончлироқ ҳис қила бошладим”, – қўшимча қилди Ли.
??? Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати