Skip to main content
Yangiliklar

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрамига аталади. Таэквондо – орзуларга элтувчи кўприк

By 31.08.2020No Comments

Спорт – ғалабалар манбаи. Қалб қўридаги яширин орзулар рўёби учун пиллапоя у. Мусобақа ҳаяжонлар тортиқ этади, юртга меҳр уйғотади, шоҳсупагача етиб келдингизми, унинг завқли онлари юракка олам-олам хушнудлик,қувонч,ғурур бахш этади. Мухлислар олқиши-ю яқинларинг қувончи эса ҳар нарсадан аъло. Ҳа, мана шундай лаҳзаларни спортчи ва мураббийлар йиллар давомида орзу қилишади ва бу йўлда тинимсиз изланади.

Агар спортда бирдамлик, ҳамфикрлик, уйғунлик бўлмаса, яхши натижага эришиш амри маҳол, бир сўз билан айтганда, осмондаги ойга етиш орзусидек гап. Она Ватанга бўлган садоқат айнан инсонда болаликдан шаклланиб боради. Бу ҳис-туйғуни бирор мезон билан ўлчаб бўлмайди. Унинг тош-тарозуси йўқ…

Мамлакат таэквондочилари учун ўтган йилги тадбирлар миқёсини ёдга олиш, унинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганини эслаб ўтиш кифоя. Бу нафақат спортчиларимиз, балки ташкилотчиларга ҳам беқиёс руҳий мадад, юксак ишонч ва ижодий мотивация берган эди.

Бундан бир йил муқаддам – ўтган йилнинг август ойида пойтахтимизда таэквондочи кадетлар ўртасидаги ҳисоб бўйича IV жаҳон чемпионати ўтказилди. Ушбу нуфузли мусобақада сайёрамизнинг 67 мамлакатидан келган 850 дан ортиқ спортчи ҳамда мураббий иштирок этди. Илк маротаба ташкил этилган дунё биринчилигини чет эллик мутахассислар ва экспертлар ҳақиқий катта спорт байрам сифатида баҳолашди, халқаро анжуманларда турнир юқори даражада ўтганлигини бир неча бор таъкидлашди ва айнан Тошкент мезбонлик қилган дунё биринчилиги 2019 йилнинг энг ёдда қоларли воқелиги сифатида Бутунжаҳон таэквондо федерацияси тарихига муҳрланди.

Албатта бундай эътироф ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг учун Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси мутасаддилари улкан спорт байрамини ўтказиш учун пухта тайёргарлик кўришди. Ўз ўрнида умидли спортчиларимиз ҳам мураббийлари билан биргаликда мукаммаллашган дастур асосида машғулотларни олиб боришди. Натижа эса юқори эътироф ва Ўзбек таэквондосидаги янги қадам бўлди…
“Универсал” спорт мажмуасида чемпионатнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунгвон Чой, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларга омад тилашди. Маросим катта концерт дастури билан давом эттирилди. Ёш иқтидор эгалари қўшиқлар куйлашди, турли миллатлар рақсларини намойиш этишди.

??? Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати