Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Носир Хисрав (1004-1088)3-бўлим

By 13.08.2020No Comments

Мутафаккир ўзига маслакдош шайхлар нуқтаи назарини маъқуллаб қолмасдан, уни ривожлантиради. Носир Хисрав талқинига биноан инсон Худони ва Коинотни билиб олишни ўзлигини билиб олишдан бошламоғи лозим. Зеро вужудликнинг бир неча жиҳатлари мавжуд. Инсон дастлаб ўзлигининг ҳақиқий ва ўзгарувчан жисмий-моддий жиҳатларини ақли билан фарқлаб олиши даркор.
Носир Хисрав замонасининг етук маънавий-руҳий арбоби сифатида инсонда аслий-илоҳий жиҳат борлиги ва у ўз ҳақиқатини билиб олишга қодир эканлигини таъкидлайди. Бунинг учун инсон ҳаётини беҳуда ўтказмаслиги, аслига етиш учун саъй-ҳаракат қилиши, илм эгаллаши ва моддий эҳтиёж гирдобига тушмасликка даъват этади. Носир Хисрав асосий диққатни инсоннинг покланиш жараёнига қаратади. Унингча, инсон ўз асли-илоҳий руҳга қайта қўшилиши учун ўзининг ҳақикати, адабиятини англаб етиши, ўз-ўзини такмил эта билиши, ахлоқини соф тутиши, поклаши лозим. Бунинг учун ғайри инсоний ҳаракатлардан сақланиш, ғарибу ғураболар қалбига озор етказмасликнинг ўзи кифоядир.
Ўтмишдошлари анъанасини давом эттирган шоир, одамларни фазилатли, хуш феъл-атворли қилиб шакллантиришда тарбия ҳиссасининг беқиёс эканлигига урғу беради. Шундан бўлса керак, аллома асарларида ахлоқий панду насиҳатлар, ҳикоят ва қиссаларга кенг ўрин берилади. Унинг шундай уринишларини «Ахлоқи ҳамида ва замима» сарлавҳали шеъри мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Инсонни иккига ажратган файласуф шоир унинг ахлоқига ҳам худди шундай муносабатда бўлади. Аслида одамнинг ёмони бўлмайди. Ёмон тарбия кўрган, феълу атвори яхши ёхуд нолойиқ инсонлар бўлиши мумкин. Бас шундай экан, асосий диққат ахлоқий тарбия муаммоларига қаратилмоғи лозим.
Носир Хисравнинг маънавий мероси панду ҳикмат бобида улкан хазинани эслатади. Унинг катта-ю кичик асарларида ахлоқий қарашлар марказий ўрин тутади. Унингча, ёмон билан яхши, хайру саховат ва бахиллик орасидаги фарқни ажрата билиш учун инсон, биринчи галда, ўзлигини яхши англаб олиши лозим.
Ҳакимнинг бир қатор ахлоқий қарашлари умуминсоний, умумбашарий аҳамиятга эгадир. Жумладан, буюк мутафаккирнинг ғаразлик билан беҳад молу мулкка берилмаслик, ўтар дунёнинг юзаки хурсандчиликларига ҳирсу ҳавас қўймасликка даъвати барча даврлар, элу элатлар учун бирдай манфаат касб этади.
Мўътабар донишманд ижодидаги умумбашарий маънавий кадриятлардан яна бири ўзгаларга нисбатан адолатли, инсофли бўлиш, қашшоқу нотавон, жисмоний жиҳатдан заифлашганларга раҳму шафқат кўрсатиш, бошқаларнинг гуноҳини кечириш каби юксак ғоя ва насиҳатлардир. Улуғ шоир худди шундай чақириқ руҳи билан мансабдорларга мурожаат қилади, уларни ўз қўл остидаги меҳнат аҳлига нисбатан раҳму шафқатли, меҳрибон бўлишга даъват этувчи мисраларни ёзади.
«Маънавий жиҳатдан улғаймоқчи бўлсанг, мартабангни юқори кўтаришни истасанг, жаҳоннинг улуғларига яқинлашишни хоҳласанг илм ўрган, ақлу идрокингни такомиллаштир», — дейди доно шоир. Чунки айни ўша фазилатлар инсонни улуғлик поғонасига кўтаради, улар маънавий жиҳатдан уч турга — Пайғамбар, авлиёлар ва ҳакиму доноларга бўлинади. Илму ақл одамни ҳақиқий инсон рутбасига эриштирса, нодонлик эса уни одамийлик даражасидан четлаштиради.
фалс. ф.д. М. Болтаев