Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Носир Хисрав (1004-1088) 1-бўлим

By 11.08.2020No Comments

Марказий Осиё маданиятининг улуғ донишманди ва мутафаккири Носир Хисрав Қобадиёнда 1004 йилда туғилган. Унинг аждодлари ўз даврининг обрўли, давлатманд кишиларидан ҳисобланган. Амударё билан карвон йўли кесишган жойдаги бу шаҳар XI асрларда фақат қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билангина машҳур бўлмай, балки савдо-сотиқ ҳамда ҳунармандчилик ҳам тараққий топган жой эди. Қобадиённинг қолдиқлари ҳозир Тожикистоннинг Носир Хисрав шаҳри чеккасидадир.
Унинг номи Абумуиниддин Носир, отасининг номи эса Хисрав бўлиб, шеърларида «Ҳужжат» тахаллусини қўллаган. Носир Хисрав замон анъанасига кўра, бошланғич маьлумотни туғилган жойида олди, кейинчалик Марв, Балх мадрасаларида таҳсилни давом эттирди, диний, дунёвий билимларни эгаллади. У Қобадиён, Марв, Балхни ўз шаҳри ҳисоблаган ва «Сафарнома» асарида «Абумуиниддин Носир Хисрав Марвозий ва Қобадиёний номлари билан таниқлидир», — деб ёзади. Адабиёт ва илм оламида Носир Хисрав унвони билан танилган адиб ёшлигидаёқ қатор тиллар ва фанларни (ал-жабр, муқобала, ҳандаса, мантиқ, нужум, ҳайъат, тиббиёт, тиб, фалсафа, фиқҳ, тарих, калом, мусиқа, аруз ва бошқалар) пишиқ ўрганган. Мутафаккирнинг асарларида бу ҳақида қизиқарли маълумот ва лавҳаларни ўқиш мумкин.
Носир Хисрав бу даврда улуғ ватандошлари Абу Али ибн Сино, Форобий асарларини чуқур ўрганади ҳамда бутун умрга уларнинг содиқ шогирди ва давомчиси бўлиб қолади. Бундан ташкари, у кадим дунё файласуфлари Сократ, Платон, Аристотель таълимотини ўрганиш билан шуғулланади.
Носир Хисрав дунёқарашининг шаклланиши, ўша замон илму маданияти дурдоналаридан баҳраманд бўлишидаунинг Миср, Шом, Ироқ, Қоҳира, Искандария, Дамашқ, Басра, Ҳижоз, Ҳалаб, Макка, Мадина, Озарбайжон, Арманистон, Фаластин, Эрон, Туркистон ва Ҳиндистон шаҳарлари бўйлаб қилган сафарлари муҳим аҳамият касб этди. Улкан адиб қайси шаҳарда бўлмасин, унинг диққатини ўша юртнинг улуғ шахслари, олиму шоирлари ўзига жалб этган ва ўша донишмандлар билан мулоқотда бўлган. Чунончи, Носир Хисрав 1045 йилда Қоҳира шаҳрида карматлар, яъни исмоилия диний мазҳаби билан яқиндан танишади.
Манбаларнинг шаҳодатига кўра, Носир Хисрав маълум муддат ғазнавий ҳукмдорлардан Султон Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд салтанати даврида расмий лавозимларда фаолият кўрсатади. Унинг салжуқийлар дарборида хизматда бўлганлиги хусусида ҳам айрим ишоралар сақланган. Бироқ сарой муҳитининг аянчли манзаралари истеъдодли шоирга манзур тушмади. Айниқса, амалдору мулозимлар, руҳонийлару манфаатпараст шоирларнинг нафс учун паст кетишлари, ҳар қандай разилликларга тайёр туришлари, авжига чиққан мадҳиябозликлар Носир Хисрав қўзини очди. Унинг шеърияти ва илмий қарашларида танқиднинг кучайишига замин яратди. Ана шу омиллар унинг маънавий дунёсида бурилиш ясади, у ҳақиқат излаш ва халқ хизмати учун ижодий, фикрий изланиш билан шуғулланишга киришди.
фалс. ф.д. М. Болтаев