Берунийнинг асарлари мусулмон Шарқи маданиятининг сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Сўнгги асарларда араб ва форс тилларида ёзилган Байҳақий, Шахризўрий, Қифтий, Ёқут Ҳамавий асарларида Беруний ҳақида муҳим маълумотлар келтирилади. XIII асрда яшаган суриялик тарихчи ва табиб Христиан Иоанни Бар Эбрей (1226—1286) Берунийга шундай баҳо беради: «Ўша ўтган йилларда юнон ва ҳинд фалсафаси денгизини кечиб ўтган Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўтмиш илмларда шуҳрат қозонди. У математика илмларида мутахассис бўлиб, бу соҳада қатор муҳим китоблар яратди. Ҳиндистонга бориб, у ерда бир нега йил яшади, ҳинд файласуфларидан уларнинг санъатини ўрганди ва уларга юнон фалсафасини ўргатди. Унинг асарлари ниҳоятда кўп, етук ва ниҳоятда ишончлидир. Бир сўз билан айтганда, ўз даврида, ундан сўнг ва ҳозирга қадар ҳамкасблари орасида астрономия илмида бундай билимдон ва бу илмнинг асосини ҳамда нозик томонларини чуқур биладиган олим бўлмаган». Беруний ҳақидаги олий баҳо ва тавсифлар Табризий, Суйутий, Қазвиний, Тусий, Муҳаммад ибн Мансур ал-Алломий, ал-Хуросоний кабиларнинг асарларида келтирилади.
XIX асрдан бошлаб Оврўпо ва Осиё мамлакатларида Беруний мероси билан қизиқиш янада кенг тус олди. Унинг асарлари лотин, француз, итальян, немис, инглиз, форс, турк тилларига таржима этила бошланди. Беруний асарларига бағишланган оврўполик олимлар Ж. Рено, Э. Захау, Г. Зутер, Э. Видеман, К. Наллино, Ж. Сартон, Р. Райт, М. Мейерхоф, осиё олимлари С. X. Наср, М. Козим, С. Бараний, М. Низамуддин, Ш. Ялткай кабиларнинг китоблари, таржималари нашр этилди. Бу тадқиқотчилар Беруний ижодигажуда юқори баҳо бердилар. Амриқолик тарихчи олим Ж. Сартон Берунийнинг меросига энг олий баҳо бериш билан бирга, унинг ўз даврининг жаҳондаги биринчи донишманди деб баҳолайди. Атоқли шарқшунос В. Р. Розен эса, унинг илмий қарашлари таажжуб қоларли даражада кенглиги, унга ҳозирги маънодаги ҳақиқий фаннинг руҳи хос эканлигини қайд этади.
Ҳинд олимлари ҳам Берунийнинг Ҳиндистон фалсафаси, дини, илми, урф-одатлари тарихини ўрганишга қўшган улкан ҳиссасига ниҳоятда юқори баҳо берадилар. Беруний мероси рус олимларини ҳам ҳар томонлама қизиқтириб келди. И. Ю. Крачковский, С. П. Толстой, А. А. Райнов, А. М. Беленицкий, А. А. Семёнов, Б. А. Розенфелдларнинг унга бағишланган асарлари эълон қилинди. Машҳур шарқшунос олим И. Ю. Крачковский Беруний меросига юқори баҳо бериб, «унинг қизиққан илм соҳаларидан кўра қизиқмаган соҳаларини санаб ўтиш осондир» деб, алломанинг қомусий ақлини яна бир бор таъкидлаб ўтади.
Берунийнинг ўз ватани Ўзбекситонда ҳам унинг ижодига катта эътибор бериб келинмоқда. Ҳ. М. Абдуллаев, И. М. Мўминов, В. Ю. Зоҳидов, Я. Ғ. Ғуломов, У. Каримов, С. А. Булгаков каби атоқли олимларимиз Беруний фаолияти ҳақида қатор рисола, асарлар яратдилар. Тошкентда унга бағишланган қатор халқаро илмий конференциялар ўтказилди. Биринчи бор Берунийнинг «Қадимги ёдгорликлар», «Ҳиндистон», «Масъуд қонуни», «Геодезия», Сайдона» каби асосий асарларини ўз ичига олувчи кўп томли сайланма асарлари ўзбек ва рус тилларида Ўзбекистон Фанлар академияси томонидан нашр этилди. Кўчалар, институтларга унинг номи берилган. Фан соҳасида Беруний номига давлат мукофоти таъсис этилган.
фалс. ф.д. А. Шарипов