Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Райҳон Беруний (973-1048)4-бўлим

By 04.08.2020No Comments

Беруний жамиятни бошқаришда жамият подшоҳга хизмат қилмай, подшох жамиятга хизмат қилиши кераклигини тушунган. «Идора қилиш ва бошқаришнинг моҳияти балки бошлиқ золимлардан азият чекканларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бировларнинг тинчлиги йўлида ўз тинчлигини йўқотишдир. Бу уларнинг оиласини, уларнинг ҳаёти ва мол-мулкини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш йўлида бадан чарчашидан иборат».
«Табиатан бошқаришга мойил» бўлган ҳоким ўз фикри ва қарорларида қатъий бўлиши керак, ўз ишларини амалга оширишда файласуфларнинг қонунларига, Александр Македонский Аристотелнинг фалсафий донишмандлигига амал қилганидек, бўисунишлик лозим: шоҳнинг ўзи ҳам «яратувчанлик онгига» эга бўлмоғи, айниқса деҳқонлар тўғрисида кўпроқ ғам ейиши керак. «Подшоҳлик деҳқончиликсиз яшай олмайди», деди Беруний. Берунийда шундай фикрлар бор: «одил ҳокимнинг асосий вазифаси олий ва паст табақалар, кучлилар ва кучсизлар орасида тенглик, адолат ўрнатишдан иборатдир».
Беруний ўрта аср шароитида ҳақиқий илмий табиатшуносликка асос солди, унинг турли соҳаларида ўз даври учун таажжубга солувчи шундай фикр ва илмий фаразларни олға сурдики, улар бир неча асрлардан сўнг Оврўпо илмида ўз исботини топди. Беруний ўрта аср шароитида ҳақиқий тажрибага, кузатиш, экспери-ментга асосланувчи аниқ илмий тафаккурни бошлаб берувчилардандир.
Беруний филология соҳасида ҳам қалам тебратиб, мумтоз араб шеърияти, ҳинд шеърияти тузилишига оид тадқиқотлар, эрон фольклори намуналарининг араб тилига таржималарини яратди. Беруний мамлакат равнақи фан равнақи билан узвий боғлиқ деб билди. «Ҳар бир олим ўз муҳокамасида амалиётга асосланиши, ўз тадқиқотида аниқ бўлиши, тўхтовсиз меҳнат қилиши, хатоларини қидириб тузатиши, илмда ҳақиқат учун ҳар хил уйдурма, юзакичиликка қарши кураш олиб бориши зарур», — деган эди.
У халқлар дўст, иноқ иттифоқ бўлиб яшаши учун курашиб, инсониятга, у яратган фан ва маданиятга қирғин келтирувчи урушларни каттиқ қоралади. Олим ўзининг «Ҳиндистон» асарида «халқлар ўртасида тортишиш ва талашиш кўп», деб афсусланиб ёзган эди. Унинг Ҳиндистонда олиб борган кенг илмий-тадқиқот ишлари халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамкорлик ва маданий муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган эди. Бундан кўриниб турибдики, Беруний маданий ҳамкорлик ва илм-маърифатнинг кенг тарқалишига катта эътибор берди.
фалс. ф.д. А. Шарипов