Skip to main content
Yangiliklar

Ибратли ҳикоя: Мен ҳам шундай қиламан

By 13.08.2020No Comments

Болалигимда қиблагоҳим юзимга соқолини сийпардилар. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, деб қочардим. Отажоним билан онажоним роҳатланиб кулар эдилар. Уларнинг юзларида ўша онда акс этган бахтиёрлик туйғусини аниқ-тиниқ эслайман. Руҳиятшуносларнинг бола икки ёшдан кейинги воқеаларни хотирасида сақлаб қола олади, деган назариясидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ўша чоқдаги ёшимни уч-тўртлар деб тахмин қилсак бўлади.
Бундан аён бўладики, ўшанда, мендан кейинги укам туғилган кезларда ҳам ота-онам мени нарироқ қилмасдан эркалатиб қўйган эканлар.
Тўнғич ўғлимиздан кейин қизимиз дунёга келди. Маза қилиб ўйнаб ўтирган боланинг онаси чақалоқни қўлига олганида ғалати бўлиб қолганини сезиб қолдим. Дарҳол уни бағримга босиб юзига соқолимни сурдим. Маъюсланиб турган бола бирданига яшнаб кетди. “Юзимга тиконингиз кириб кетди”, дея қийқириб қочди. Онаси икковимиз хандон отиб кулдик. Бизнинг кулгимиз унинг шодонлигини юз чандон зиёда қилди. Шу чоқда ундан бахтиёр бола йўқ эди дунёда…
Тунов куни гаплашиб ўтириб ўғлим: “Дадам юзимни соқоли билан тимдалардилар”, деб қолди.
Ёдида экан. Аллоҳга шукр!
Демак, у ҳам боласининг юзини соқоли билан сийпалайди, боласи қийқириб қочади, аёли иккови роҳатланиб кулади. Бахтли ҳаёт дегани, бахтиёр оила дегани шу эмасми ўзи!..
Дамин ЖУМАҚУЛ