Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Али ибн Сино (980-1037) 4 – бўлим

By 27.07.2020No Comments

Кимёда ҳам ибн Сино замонасининг билимларини умумлаштиришга ҳаракат қилиб, турли асарлар ёзди, тажрибалар ўтказди. Хусусан, унинг органик кимё соҳасидаги фикрлари кейинги давр мутахассислари томонидан юқори баҳоланди. У оддий металлни қимматли металлга айлантириш устида фикр юритувчи алхимикларни танқид қилди. Ибн Сино астрономия соҳасида Птолемейнинг геоцентрик назариясидан ташқарига чиқмаган бўлса-да, табиий ҳодисаларнинг ички сабабий боғланишини аниқлашга ҳаракат қилди, инсон ҳаёти ва ижтимоий ҳодисаларни осмон жисмлари ҳаракати, ҳолатига боғловчи астрологияга шубҳа билан қаради, турли тажрибалар ўгказиш учун янги астрономик асбоб яратиш, ботаникада турли ўсимликларнинг табиий хусусиятларини ўрганиш, илмий терминология яратиш соҳасида иш олиб борди.
Ибн Сино дунёқараши Форобий асарлари таъсирида шаклланди, у ижтимоий-фалсафий масалаларда Форобий қарашларини давом этгирди, илғор фалсафий оқимни янги табиий-илмий фикрлар билан бойитиб системалаштирди ва янги босқичга кўтарди. Ибн Сино фикрича, фалсафанинг вазифасига мавжудотни — барча мавжуд нарсаларни, уларнинг келиб чиқиши, тартиби, ўзаро муносабати, биридан иккинчисига ўтишини ҳар томонлама текшириш учун зарурият, имконият, воқелик, сабабият принципларини асос қилиб олади. Олам — барча мавжуд нарсалар иккига бўлинади: зарурий вужуд (вужуди вожиб) ва имконий вужуд (вужуди мумкин). Зарурий вужуд ҳеч нарсага боғлиқ бўлмаган бир бутунликни ташкил этиб, у энг иродали, қудратли, доно Тангридир. Қолган ҳамма нарсалар имконий тарзда мавжуд бўлиб, зарурий вужуд — Тангридан келиб чиқади. Вужуди вожиб ва вужуди мумкин — сабаб ва оқибат муносабатидадир. Бу жараён эманация тарзида, яъни қуёшдан чиқаётган нур шаклида аста-секин амалга ошади. Шу тартибда имконият шаклидаги мавжуд бўлган ақл, жон (нафс) ва жисм, улар билан боғлиқ ҳолда осмон сфералари келиб чиқади, мавжуд нарсаларга айланади. Булар ҳаммаси субстанция (жавҳар)дир. Бундан ташқари борлиқда акциденция (образ) — нарсаларнинг белгилари, ранг, ҳажми, ҳиди ва бошқа ҳислари мавжуд. Жисм шакл ва моддадан ташкил топади. Худо абадий, унинг оқибати бўлмиш материя ҳам абадийдир. Унинг ўзи бошқа конкрет жисмларнинг асосидир. Нарсаларнинг конкрет кўринишлари, шакллари ўзгаради, лекин уларнинг моддий асоси йўқолмайди. Материя доим вужудга келиши мумкин бўлган нарсалардан аввал мавжуд бўлиб, бу нарсалар уларни ташкил этувчи материяга муҳтождир. Материянинг энг содда, бўлакларга бўлинмайдиган шакли тўрт унсур: ҳаво, олов, сув, тупроқдан иборат. Уларнинг турлича ўзаро бирикуви натижасида мураккаб моддий нарсалар ташкил топади. Мураккаб нарсалар ўзгариб, турли шаклларга эга бўлиши мумкин, лекин уларнинг моддий асоси бўлган тўрт унсур йўқолмайди, абадий сақланади. Унинг фикрича, аввал тоғ-тошлар, сўнг ўсимлик, ҳайвонот ва тарақкиётнинг якуни сифатида инсон вужудга келган. Инсон бошқа барча ҳайвонот оламидан сўзи, тили ва ақли, тафаккур қилиши билан фарқ қилади.

академик М. М. Хайруллаев