Тошкент — ўрта аср араб манбаларида эса Шош — тарих жараёнида кўплаб шоир ва адиблар, алломалар, риёзат ва табобат аҳилларини етиштирган. Ана шундай алломалардан бири Қаффол аш-Шошийдир.
Қаффол аш-Шошийнинг тўла исми Абу Бакр ибн Али Исмоил Қаффол аш-Шоший бўлиб, араб манбаларида унинг ҳурматини бажо келтириш учун номига катта, улуғ ё муҳтарам маъносини ифодалайдиган «ал-Кабир» сўзини қўшиб ёзадилар. Бу билан ўтмишдошларимиз Қаффол аш-Шошийга нисбатан буюк эҳтиромни ифода этганлар.
Қаффол аш-Шоший ҳунарманд оилада дунёга келган кўринади. Шу сабабдан «Қаффол» — қулфсоз деб машҳур бўлган.
Қаффол аш-Шоший асли қулфсоз уста бўлиб, кичик ва нозик қулфлар ясайдиган, қўли гул киши бўлган.
Аш-Шоший дастлабки таълимни ўз юртида, кейинчалик Марказий Осиёда мавжуд маърифат ўчоқларидан олади. Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларни кезади. Бу ерларда ундан сал олдинроқ ўтган ва анчагина мерос қолдирган Имом Исмоил ал-Бухорий (810—870), Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824—892) каби йирик мутафаккир олимлар мероси билан танишади, улардан баҳраманд бўлади. У бирмунча вақт Самарқандда яшаб, у ерда таълим олди. Қаффол аш-Шоший қаттиқ киришиб фиқҳшуносликни ўрганади. Зеро бу фан мусулмон Шарқ ўлкаларида жуда кенг тарқалган ва ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бу фанни эгаллаган кишилар ҳамма жойда қадрланар, уларга зарурат ҳам катта, чунки ижтимоий ҳаётда қонуншуносликка талаб катта бўлиб туриши табиий эди. Қаффол аш-Шоший фиқҳ илмини эгаллаш билан бирга фикр доираси ўта кенг, фалсафа, мантиқ, адабиёт соҳаларини ҳам пухта эгаллаган, бу соҳаларда энг билимдонлар билан мунозара қила оладиган қудратга эга бўлган бир зот эди.
ф.ф.д. А. Ирисов