Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Наср Форобий (873-950) 7-бўлим

By 18.06.2020No Comments

Форобийнинг фозил жамоа ҳақидаги таълимоти, унинг комил инсон ҳақидаги фикрлари билан узвий боғланиб кетади. Фозил жамоада комил инсон хислатлари вужудга келади. Масалан, ахлоқ-одобли етук инсон ўн икки фазилатга эга бўлмоғи лозим. Бу фазилатлар инсонларнинг ўзаро муносабатлари мустаҳкамланиб, яхшилик томон йўналишида вужудга кела боради. Форобийнинг фозил жамоа ва комил инсон ҳақидаги таълимотлари сўнгги олим-мутафаккирларга катта таъсир кўрсатди.
Умуман олганда Форобийнинг фозил жамияти, комил инсони бахт-саодат, ўзаро ёрдам, доно бошлиқ, тенглик ҳақидаги фикрлари ўз даври учун хаёлийдир. Лекин инсонни маънавий озод этишга, унинг имкониятларини очишга, гуманистик йўналишни асослашга қаратилган бу таълимот илғор ижтимоий тафаккур тараққиётига буюк ҳисса бўлиб қўшилди. Умумбашарий интилишларни ифодалади. Унинг ижтимоий ғоялари кейинчалик сўнгги мутафаккирлар: Абу Райҳон Беруний, ибн Сино, ибн Рушд, Бахманёр, Низомий, Саъдий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бедил, Иқбол, Аҳмад Дониш ва бошқалар ижодида ривожлантирилди.
Форобий «Музика ҳақида катта китоб» деган кўп жилдли асари билан ўрта асрнинг йирик музикашуноси сифатида ҳам машҳур бўлди. У музика илмини назарий, амалий тармоқларга, куйларнинг ички тузилиши, қонуниятларини ҳисобга олиб таъриф ва илми иқога ажратади.
Форобий музика назариясида товушлар вужудга келишининг табиий-илмий таърифини берибгина қолмай, куйлар гармониясининг математик принципларини очади, турли жадваллар, геометрия қоидалари асосида кўплаб мураккаб чизмалар келтиради. У Шарқ музикасининг ритмик асосини далиллар билан шарҳлаб беради. У ритмларни ташкил этган зарб бирликлари бўлмиш нақралар, уларнинг бирикмасидан ҳосил этиладиган рукнларнинг турли хиллари асосида яратиладиган ритм ўлчовлари ва турларини ёритиб берган.
«Музика ҳақида катта китоб»да фақат музика назарияси ва тарихи баён этилмай, Шарқда маълум бўлган рубоб, танбур, ноғора, уд, қонун, най каби музика асбоблари ҳамда уларда куй ижро этиш қоидалари тафсилоти ҳам берилган. Форобийнинг ўзи моҳир созанда, бастакор, манбаларда янги музика асбобини ихтиро этганлиги, унда ниҳоятда таъсирчан куйлар яратгани қайд этилади. Форобий музикага инсон ахлоқини тарбияловчи, сиҳат-саломатлигини мустаҳкамловчи восита деб қараган. Унинг музика соҳасида қолдирган мероси музика маданияти тарихида оламшумул аҳамиятга эга.
Форобий ўз давридаёқ буюк олим сифатида машҳур бўлган. Шарқ халқларида у ҳақца турли ҳикоя, ривоятлар вужудга келган. Ўрта аср олимларидан ибн Халликон, ибн ал-Қифтий, ибн Аби Усабиъа, Байҳақийлар ўз асарларида Форобий ижодини ўрганиб, унинг ғояларини ривожлантирганлар. Хусусан, ибн Рушд Форобий асарларини ўрганибгина қолмай, уларга шарҳлар ҳам («Силлогизмга нисбатан ал-Форобийнинг фикри», «Абу Насрнинг мантиққа доир асарида ифодаланган фикрнинг баёни» «Ал-Форобий, хусусан унинг «Органон» изоҳларига турли шарҳлари» ва б.) ёзди. Аверроизм номи билан машҳур бўлган унинг фалсафий таълимотининг шаклланиши дастлаб Форобий ва ибн Сино фаолияти билан боғлиқ. Аверроизм илмий тенденцияларни ифодаловчи илғор йўналиш сифатида кенг ёйилган ва Уйғониш даврининг кўп илғор мутафаккирлари дунёқарашига таъсир кўрсатган.
Тараққийпарвар инсоният Форобий ижодига ҳурмат билан қараб, унинг меросини чуқур ўрганади. Оврўпо олимларидан Б. М. Штреншнейдер, Карра де Во, Т. У. Буур, Р. Хаммонд, Р. де Эрланже, Ф. Детерици, Г. Фармер, Н. Ришар, Г. Лей, Шарқ олимларидан Нафисий, Умар Фаррух, Туркер, М. Маҳди ва бошқалар Форобий меросини ўрганишга муайян ҳисса қўшдилар. Кейинги йилларда унинг ижоди ва таълимотига бағишланган бир қанча тадқиқотлар, асарлар юзага келди.
Ўзбекистон ва Қозоғистонда Форобий номига қўйилган кўча, мактаб ва кутубхоналар мавжуд.
академик М. М. Хайруллаев