Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Наср Форобий (873-950) 6-бўлим

By 17.06.2020No Comments

Форобий логикаси мусулмон Шарқидаги сўнгги мантиққа оид фикрларнинг ривожига катта туртки берди.
Форобийнинг билиш, мантиқ, ақл ҳақидаги фикрлари унинг инсон ҳақидаги таълимоти учун хизмат қилади, унга бўйсундирилгандир. Ақлга эга бўлиш, билимли, мантиқли бўлиш билан чегараланмай, у маълум ахлоқий принципларга, ахлоқий маданиятга эгалик билан якунланиши керак.
Форобий ақлли инсон ҳақида гапириб бундай ёзади: «Ақлли деб шундай кишиларга айтиладики, улар фазилатли, ўткир мулоҳазали, фойдали ишларга берилган, зарур нарсаларни кашф ва ихтиро этишга зўр истеъдодга эга, ёмон ишлардан ўзини четга олиб юрадилар. Бундай кишиларни оқил дейдилар. Ёмон ишларни ўйлаб топиш учун зеҳн-идрокка эга бўлганларни ақлли деб бўлмайди, уларни айёр, алдоқчи деган номлар билан атамоқ лозим».
Форобий ўрта асрлар шароитида биринчи бўлиб жамиятнинг келиб чиқиши, мақсад ва вазифалари ҳақида изчил таълимот яратди. Бу таълимотда ижтимоий ҳаётнинг кўп масалалари — давлатни бошқариш, таълим-тарбия, ахлоқ, маърифат, диний эътиқод, уруш ва яраш, меҳнат ва бошқалар қамраб олинган.
Форобий «Фозил шаҳар аҳолисининг маслаги» рисоласида жамият («инсон жамоаси»)нинг келиб чиқиши ҳақида бундай ёзади: «Ҳар бир инсон табиатан шундай тузилганки, у яшаш ва олий даражадаги етукликка эришмоқ учун кўп нарсаларга муҳтож бўлади, у бир ўзи бундай нарсаларни қўлга кирита олмайди, уларга эга бўлиш учун инсонлар жамоасига эҳтиёж туғилади… Бундай жамоа аъзоларининг фаолияти бир бутун ҳолда, уларнинг ҳар бирига яшаш ва етукликка эришув учун зарур бўлган нарсаларни етказиб беради. Шунинг учун инсон шахслари кўпайдилар ва ернинг аҳоли яшайдиган қисмига ўрнашдилар, натижада инсон жамоаси вужудга келди».
Форобий шаҳарни ижтимоий уюшишнинг етук шакли, инсоният камолотга эришишининг зарурий воситаси, деб ҳисоблайди. Бу-тун инсонларни ўзаро ҳамкорликка, халқларни тинчликка чақиради, дунёда ягона инсон жамоасини тузиш ҳақида орзу қилади. мутафаккир инсон қадр-қимматини камситувчи жамиятга қарши чиқади. «Давлат арбобининг ҳикматлари» рисоласида эса у доимий урушлар ва босқинчиликка асосланувчи жамиятни адолатсиз, жоҳил жамият сифатида қоралайди.
Форобий ўзининг фозил жамоасида одамларни турли белгиларга қараб гуруҳларга бўлади. Кишиларнинг диний мазҳабига, миллатига, ирқига қараб эмас, балки табиий хусусиятларига, қобилиятларига, аввало ақлий иқтидорига ҳамда илмларни ўрганиш, ҳаётий тажриба тўплаш жараёнида орттирган билим ва кўникмаларига катта аҳамият беради. Итоаткорликка даъват этувчи таълимотларни кес-кин қоралайди.
Форобий «Бахт-саодатга эришув йўллари ҳақида рисола», «Бахт-саодатга эришув ҳақида рисола» асарларида ўзининг орзу қилган фозил жамиятини яна ҳам ёрқин тасвирлайди. «Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир, — деб ёзади у, — бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади». Форобий давлатни етук шахс (монархия), етук хислатларга эга бўлган бир неча шахслар (аристократия) ва сайланган шахслар (демократия) ёрдамида бошқариш шаклларини қайд этади.
Форобий жамият ўз ривожида етукликка томон интилиши, шунинг учун кураш олиб бориши ва ниҳоят фозил жамият, фозил шаҳар даражасига кўтарилиши ҳақида фикр юритади.
У шундай ёзади: «Фозил жамият ва фозил шаҳар (ёки мамлакат) шундай бўладики, шу мамлакатнинг аҳолисидан бўлган ҳар бир одам касб-ҳунар билан шуғулланади. Одамлар чин маъноси билан озод бўладилар… Улар орасида турли яхши одатлар, завқ-лаззатлар пайдо бўлади». Форобий бундай фозил жамоани бошқарувчи подшоҳ, раҳбарларга ҳам маълум талаблар қўяди. У халқ ҳақида доимо ғамхўрлик қилиши, бошқалар манфаатини ўз манфаатидан устун қўя билиши зарур. Бундай жамоани идора этувчи ёки идора этувчилар гуруҳи ўзларида муҳим олти хислатни ифодалашлари керак, яъни адолатли, доно бўлиши, қонунларга риоя этиши ва қонунлар ярата олиши, келгусини олдиндан кўра билиши, бошқаларга ғамхўр бўлиши керак.

академик М. М. Хайруллаев