Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Наср Форобий (873-950) 5-бўлим

By 16.06.2020No Comments

Борлиқнинг келиб чиқиши ҳақида Форобий таълимотида — мавжудот 4 унсур — тупроқ, сув, ҳаво, оловдан ташкил топади; осмон жисмлари ҳам шу унсурларнинг бирикувидан вужудга келади. Моддий жисмларнинг ўзаро фарқ қилишига сабаб, уларнинг ибтидосидаги унсурларнинг турлича бўлишидир: олов — иссиқлик сабаби; сув — совуқлик, намлик; тупроқ — қаттиқлик сабаби. Форобий бу-тун мавжудотни сабаб ва оқибат муносабатлари билан боғланган 6 даража (сабаб)га бўлади: Аллоҳ (ас-сабаб ал-аввал), осмон жинслари (ас-сабаб ас-соний), ақл (ал-ақл ал-фаол), жон (ан-нафс), шакл (ас-сурат), материя (ал-модда). Булардан Аллоҳ — вужуди вожиб, яъни зарурий мавжудликдир, қолганлари эса — вужуди мумкин, яъни имконий мавжуд нарсалардир. Булар бир-бирлари билан сабабий боғланган.
Форобий учун дунё ғунча бўлиб, аста-секин ўзининг ранг-баранг томонларини ва битмас-туганмас бойликларини тобора кўпроқ намоён қилиб очила боради. Борлиқнинг бундай талқини табиий-илмий ғояларнинг янада ривожланиши учун кенг йўл очди. Абу Али ибн Сино ва ундан кейинги мутафаккирлар ўзларининг фалсафий қарашларида шу борлиқ тизими асосида иш олиб бордилар.
Илм, билиш ва ақл ҳақидаги таълимот Форобий асарларида изчил ва мукаммал ишланган. Илм олиш масаласига у инсон моҳиятини тушунтириб беришнинг таркибий қисми сифатида қаради.
Форобий фикрича, инсоннинг билишини, руҳий қобилиятларини мия бошқаради, юрак эса барча аъзоларни ҳаёт учун зарур бўлган қон билан таъминловчи марказдир, барча руҳий «қувватлар», жумладан билиш қобилияти муайян аъзога боғлиқ.
Форобий «Илм ва санъатнинг фазилатлари» рисоласида табиатни билишнинг чексизлигини, билим билмасликдан билишга, сабабиятни билишдан оқибатни билишга, сифатлардан акциденция (ал-ораз)дан субстанция — моҳият (жавҳар)га қараб боришини илмнинг борган сари ортиб, чуқурлашиб боришини таъкидлайди.
Инсоннинг ибтидосида, аввало «озиқлантирувчи қувват» пайдо бўлиб, унинг ёрдамида инсон овқатланади. Шундан сўнг «ташқи қувват», яъни бевосита ташқи таъсир натижасида сезги органлари орқали вужудга келувчи «қувват»лар — 5 турлидир: тери-бадан сезгиси; таъм билиш сезгиси; ҳид билиш сезгиси; эшитиш сезгиси; кўриш сезгиси. Буларнинг ҳаммасини Форобий «ҳиссиёт қуввати» («қувваи ҳиссийя») деб атаб, ҳиссий билиш қисмлари сифатида қарайди. «Ички қувват»га эсда олиб қолиш, хаёл (хотира, тасав-вур), ҳис-туйғу, нутқ (фикрлаш) «қувват»лари киради. «Ички қувват»да Форобий ақлий билиш босқичини назарда тутади. Илмни эгаллаш шу қувватлар орқали амалга оширилади.
Форобий билиш жараёни ҳар 2 босқичга боғлиқлигини, ақлий билиш ҳиссий билишсиз вужудга келмаслигини алоҳида таъкидлайди.
Форобий «Ақл маънолари ҳақида» рисоласида ақл масаласини чуқур талқин қилади. У ақл бир томондан, руҳий жараён, иккинчи томондан, ташқи таъсир — таълим-тарбиянинг натижаси эканлигини уқдиради. Форобий фикрича, ақл фақат инсонгагина хос бўлган туғма қувват — руҳий куч билан боғлиқ.
Форобийнинг ақл, умуман билиш ҳақидаги таълимотида мантиқ (логика) илми муҳим ўрин тутади. «Мантиқ санъати кишига шундай қонунлар ҳақида маълумот берадики, — деб ёзган эди у, — бу қонунлар воситасида ақл чиниқади, инсон соғлом фикр юритишга ўрганади». Форобий мантиқ илми билан грамматика ўртасидаги муштаракликни қайд этади: мантиқнинг ақлга муносабати грамматиканинг тилга муносабати кабидир. Грамматика одамлар нутқини тарбиялагани каби, мантиқ илми ҳам тафаккурни ҳақиқий йўлдан олиб бориш учун ақлни тўғрилаб туради.
академик М. М. Хайруллаев