Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Наср Форобий (873-950) 3-бўлим

By 12.06.2020No Comments

Форобийнинг илмий мероси, умуман, ўрта аср Шарқининг маданий-маънавий ҳаётидан, табиий-илмий, ижтимоий-сиёсий масалаларидан жуда бой маълумот беради. Мутафаккир ўз асарларини ўша даврда Шарқ мамлакатларида илмий-адабий тил ҳисобланган араб тилида ёзади. Форобий шунингдек, араб ва форс тилларида фалсафий мазмундаги шеърлар ҳам ёзган.
Форобий асарлари XII—XIII асрлардаёқ лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига, кейинчалик бошқа тилларга таржима қилиниб, дунёга кенг тарқалган. Сўнгги асрларда кўчирилган нусхалари кўп мамлакатларнинг қутубхона ва муассасаларида сақланади. Тошкентда Беруний номидаги Шарқшунослик институтида қадимги Шарқ файласуфлари асарларидан жами 107 рисолани, жумладан, Форобийнинг 16 рисоласини (арабча) ўз ичига олган «Ҳакимлар рисолалари тўплами» («Мажмуат расоил ал-ҳукамо», Қўлёзмалар фонди, 2385-ин.) бор. Бу ноёб қўлёзма Форобий асарларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Тўпламдаги Форобий рисолалари 1975 йили қисман ўзбек тилига таржима қилиниб нашр этилди.
Форобийнинг табиий-илмий фанлар ҳақидаги қарашлари «Илмларнинг келиб чиқиши ва таснифи» асарида батафсил ёритилган. Китобда ўрта асрда маълум бўлган 30 дан ортиқ фаннинг таърифи, аҳамияти кўрсатиб берилади. Барча фанлар 5 гуруҳга ажратилади: 1) тил ҳақидаги илм (7 бўлим — грамматика, орфография, шеърият); 2) мантиқ ва унинг бўлаклари; 3) математика (арифметика, геометрия, оптика, астрономия, музика, оғирликлар ҳакидаги илм, механика); 4) табиатшунослик ва метафизика (8 бўлим — башорат қилиш, тиббиёт, алкимё); 5) шаҳар ҳақидаги фанлар — сиёсий илм, фиқҳ, калом (этика, педагогика).
Фанларнинг бу таснифи ўз даврида илмий билимларни маълум тизимга солишнинг мукаммал шакли бўлиб, билимларнинг кейинга ривожи учун катта аҳамиятга эга бўлди.
Шу нарса диққатга сазоворки, Форобий табиий ва ижтимоий фанларни вазифасидан келиб чиқиб тўғри фарқлаган. Унинг талқинича, математика, табиатшунослик, метафизика фанлари инсон ақлини билимлар билан бойитиш учун хизмат қилса, грамматика, мантиқ, шеърият каби илмлар фанлардан тўғри фойдаланишни, билимларни бошқаларга тўғри тушунтириш, яъни ақлий тарбия учун хизмат қилган. Сиёсат, ахлоқ, таълим-тарбияга оид билимлар эса кишиларнинг жамоаларга бирлашувини, ижтимоий ҳаётга тегишли қоидаларни ўргатади.
Форобий инсоннинг амалий фаолияти учун табиий фанларнинг аҳамиятини яхши тушунади. Бундай фанларни у реал нарсалар ҳақидаги илмлар деб атайди. У юнон табиатшунослари Эвклид, Птолемей, Гален китобларига ёзган шарҳларида, ўзининг геометрияга доир китобида антик дунё, ўрта аср математик ғояларининг йирик билимдони сифатида майдонга чикди, математиканинг бир қанча мураккаб категориялари ва мавҳум тушунчаларини илмий нуқтаи назардан ҳал этиш йўлларини қидирди, хусусан сон ҳақидаги эҳтимоллик назарияси тўғрисидаги ғояларни бойитди.
академик М. М. Хайруллаев