Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Бакр Наршахий (899-959)3-бўлим

By 23.06.2020No Comments

Асарда Бухоро шаҳрининг тарихий топографияси тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар бор. Ўрта асрларда Бухоро аркининг «Дари Регистон» ва «Дари Ғўриён» номли икки дарвозаси бўлган. Унинг ичида «подшоҳлар, амирларнинг турар жойлари бўлиб, подшоҳлик девонлари ва подшоҳлар турадиган қаср қадимдан шу ерда жойлашган». 850 йилда Бухоро шаҳри янгидан девор билан ўраб олинган. Унинг еттита дарвозаси бўлган. Бухоро қадим замонларда, Нумижкат, Бумискат, Фохира, Мадинат ус-суфрия яъни «Мис шаҳар» номлари билан аталган.
Хулоса шуки, Наршахийнинг «Бухоро тарихи» китоби биргина Бухоро тарихини эмас, балки бутун Марказий Осиё тарихини ўрганиш учун қимматли тарихий асардир. Шу боис, Марказий Осиё халқларининг VIII—XII асрларга бағишланган илмий тадқиқотларда Наршахий маълумотлари ва унинг ҳаммуаллифи, таржимони ва муҳаррири Абу Наср Аҳмад Қубовийнинг қўшимчалари XIX асрданоқ кенг фойдаланиб келинмоқда, асарнинг нусхалари дунё қўлёзмалар хазиналарида кўплаб учрайди. Биргина Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Беруний номидаги Шарқшунослик институтида 20 дан ортиқ нусха мавжуд. Асарнинг форсий матни бир неча бор — 1892 йили Ч. Шефер томонидан Парижда, 1904 йили Мулло Султон томонидан Бухорода (Когон), 1939 йили мударрис Ризаний томонидан Теҳронда нашр қилинган. «Бухоро тарихи»нинг Н. Ликошин бажарган рус тилига таржимаси 1897 йили Тошкентда, Р. Фрайнинг илмий изоҳлар билан бойитилган инглизча таржимаси 1954 йили Кембриджда, Насруллоҳ Тарозийнинг араб тилига илмий изоҳли таржимаси Мисрда чоп этилди. Бир неча қўлёзма ва нашрлар матни солиштирилиб, тафовутлар қайд этилган илмий изоҳли ўзбек тилидаги таржимаси 1966 йили А. Расулов ва А Ўринбоевлар томонидан (тарихий шахсларга изоҳлар Д. Юсупованики) «Фан» нашриётида нашр этилди. «Тарихи Бухоро»нинг матнини ва маълумотларини бошқа манбалар билан қиёсий ўрганиб, ундаги маълумотларни манбашунослик ва матншунослик фани нуқтаи назаридан таҳлил этиш ишлари ҳали давом этмоқда. т.ф.д. А. Ўринбоев