Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Бакр Наршахий (899-959)1-бўлим

By 19.06.2020No Comments

Абу Бакр Наршахий — Марказий Осиё тарихнавислигининг илк қадимий дурдоналаридан бири бўлмиш «Тарихи Бухоро» деб шуҳрат топган нодир асарнинг муаллифидир. У ўз асарини 943—944 йилларда араб тилида ёзган ва уни шу йилларда тахтга ўтирган Сомонийлар давлати ҳукмдори Амири Ҳамид, яъни Абу Муҳаммад Нуҳ ибн Наср ибн Аҳмад ибн Исмоил ас-Сомоний (943—954)га бағишлаган. «Бухоро тарихи»нинг ўзида ҳам, бошқа тарихий манбаларда ҳам муаллифнинг ҳаёти ва фаолиятига доир бирор кенгроқ маълумот учрамайди. Фақат XIII аср муаллифи Самъонийнинг «Китоб ул-ансоб» асарида унинг тўла исми Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар ибн Закариё ибн Хаттоб ибн Шарик эканлиги ва у Бухоро аҳлидан (Наршах қишлоғидан) бўлиб, 286 ҳижрий (899 мелодий) йили таваллуд топган ва 348 (959) йили вафот этганлиги эслатилади.
Афсуски, «Бухоро тарихи»нинг араб тилида ёзилган асл нусхаси бизгача етиб келган эмас. Бизга насиб бўлгани — бу форс тилига таржима қилиниб, қарийб уч аср давомида бир неча бор таҳрир, қисқартиш ва қўшимчаларни бошидан кечирган нусхадир.
Асарнинг сўз бошисида айтилишича, 1129 йили асли ҳозирги Қува шаҳридан бўлган Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Наср ал-Қубовий Наршахийнинг китобини дўстларининг илтимосига биноан араб тилидан форсийга таржима қилган ва бунда у асарнинг баъзи жойларини қисқартирган; аммо, шу билан бирга айрим қўшимчаларни ҳам киритган. Шундан ярим аср ўтгач, мазкур форсий таржима яна қайтадан таҳрирга учраган; 1178—1179 йиллар давомида Муҳаммад ибн Зуфар ибн Умар асарни иккинчи марта қисқартириб баён этган. Аммо асарни ўқир эканмиз, биз унда мазкур 1178 йилдан кейинги то 1220 йилгача бўлиб ўтган тарихий воқеалар ҳақида ҳам қисқа-қисқа маълумотларни учратамиз. Бу ҳол шуни кўрсатадики, Муҳаммад ибн Зуфарнинг қисқартиришидан (яьни 1178 йили) кейин ҳам бир неча номаълум кишилар ана шу форсий таржимани таҳрир қилганлар. Улар асарни яна қисқартирганлар дейишга асос бўлмаса-да, лекин қўшимчалар киритганликлари воқеалар мазмунидан кўриниб турибди.
«Бухоро тарихи»нинг қўлимиздага барча нусхалари ана шу 1220 йилгача давом эттирилган матнни ўз ичига олади. Асарнинг араб тилидаги асли бизгача етиб келмаганидек, форсий таржима ҳам кейинги таҳрирчилар орқалигина мавжуддир. Чунончи, таржимон Абу Наср Аҳмад асардаги баъзи жойларни қисқартириш билан бирга, унга катта тарихий аҳамиятга эга бўлган маълумотларни киритган. Бунда у ўзидан олдинги ишончли манбалардан фойдаланган. Улардан бири IX аср муаллифи Абулҳасан Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Нишопурийнинг «Хазоин ул-улум» номли асаридир. Бундан ташқари таржимон Абу Исҳоқ Иброҳим ибн ал-Аббос ас-Сулийнинг «Ахбори Муқанна» асаридан, Абу Жаъфар Муҳаммад ат-Табарийнинг «Тарихи Табарий» асаридан қўшимчалар келтирган.
Таржимон Абу Наср Аҳмад ва ундан кейинги таҳрирчи, қайта ишловчилар ҳам «Тарихи Бухоро» матнига анчагина ўзгартишлар киритган бўлсалар ҳам, аммо Наршахий номини муаллиф сифатида сақлаб қолганлар. Масалан, асарда учрайдиган «бу китобнинг мусаннифи айтади» (Теҳрон нашри, 1939 й., 4-бет) деган таъкидлар буни яққол исботлайди. Лекин шунга қарамай, Наршахий ўз асарини тамомлаган 944 йилдан кейинги то 1220 йилгача бўлган воқеалар муаллифлари деб биз мазкур таржимон ва таҳрирчиларни танимоғимиз лозим.
т.ф.д. А. Ўринбоев