Skip to main content
Yangiliklar

Ибратли ҳикоялар: ШОМИ ШАРИФ

By 18.06.2020No Comments

Қирқ йил ўтганига қарамасдан мен у воқеани майда икир-чикирларигача эслайман. У ота-бола ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди. Расмий газеталарда эъдодийя шаҳодатномаси натижалари эълон қилингач улар орасида номимни кўриб беҳад қувондим. Эртаси куни Сувайдодан Димашққа сафар қилишни мақсад қилдим. Чўнтагимда бир кумуш лира ва Суриянинг беш қоғоз лираси бор эди. Бир кумуш лирани автобусга бердим. Чўнтагимда беш қоғоз лира қолди. Бунга Димашқдан ширинлик, хусусан Шом пирожнийсидан сотиб олишни ният қилдим. Солиҳийя ва Ҳамидийя бозорига бориб Жобий эшиги томон йўналдим. Ширинликлар дўконига кирдим. Дўконда дўкондор ўзининг кичик ўғли билан ўтирган экан. Ундан 1 кг пирожний, 1 кг кунжутли юпқа ширинлик ва 1 кг бодомли пирожний беришини сўрадим. Аммо қўлимни чўнтагимга солганимда беш қоғоз лира йўқ эди. Юзимда хафалик зоҳир бўлиб дўкондорга узр айтдим:
– Сўраган нарсаларимни кейин келиб олиб кетаман!
Сотувчи табассум ила сўради:
– Ҳа, пул уйда қолибдими?!
– Менимча пулни йўқотиб қўйдим. Беш қоғоз лира эди.
У сўради:
– Қаерда яшайсиз?
-Сувайдода саййидим!
У деди:
– Ўтиринг болам. Озгина дам олинг.
Сўнг у бир қадаҳга чой қуйиб менга узатди:
– Марҳамат, ўғилчам билан бирга чой ичинг!
Сўнг дўкондор юқоридаги ширинликларни бир идишга солиб менга тутди:
– Буни олинг. Пулини келаси сафар берасиз.
Мен дедим:
– Саййидим! Мен ҳали-бери келмасам керак. Бировдан қарз бўлиб қолишни истамайман.
У табассумла деди:
– Мен аниқ ишонаман. Сиз келиб буларнинг пулини берасиз!
У мени идишни олишимни сўраб қаттиқ туриб олди. Мен уларни олдим. Жуда хижолат бўлдим. Дўкондор ва ўғилчаси билан хайрлашиб дўкондан чиқдим. Озгина юрганимдан сўнг дўкондорнинг ўғилчаси ортимдан чақириб қолди. Мен тўхтадим. Бола деди:
– Отам дўкондан беш лира топиб олдилар. Сиз туширган бўлсангиз керак. Ширинликларга яраша пул олиб қолиб қайтимини бердилар!
Мен жуда хурсанд бўлдим. Энди елкамда қарз юки йўқ. Сувайдога борадиган автобусга ҳам пулим бор. Алҳамдулиллаҳ бировдан қарз сўрамайдиган бўлдим.
Болага раҳмат айтдим. Отасига ҳам раҳмат айтишини тайинладим. Сўнгра пулни чўнтагимга солдим.
Сувайдога етиб келгач шимимнинг чўнтакларига қўл солиб унинг орқа чўнтагидан беш қоғоз лирани топиб олдим. Отамга бўлиб ўтган воқеани айтиб бердим. Отам кулиб дедилар:
– Булар Шом савдогарлари, Ҳалаб савдогарлари. Уларнинг ота-боболари шунақа бўлишган. Инсонийликнинг барча маънолари уларда мужассам. Аммо сен у беш лирани унга қайтаришинг лозим. У қарздир. Онанг пиширган нондан уларга олиб бориб уларни уйимизга меҳмонга таклиф қиласан!
Келаси ҳафтада онам пиширган нон билан беш лирани олиб йўлга чиқдим. Дўкондор мени узоқдан кўриб табассум билан деди:
– Айтмабмидим сизга қайтиб келасиз деб….мана бу ҳарисани олинг! Сувайдодагиларга салом айтинг! Қачон янги мақтанчоқ савдогар ва савдогарчаларни кўрсам ўша ота-боланинг сиймоси кўз олдимга келади…

Сақар ал-Мулҳим.