Skip to main content
Yangiliklar

Ибратли ҳикоялар: Қайтар дунё….

By 12.06.2020No Comments

Йигирманчи асрнинг бошларида бир Шотландиялик фермер уйига қайтар экан, ботқоқлик бўлган бир ернинг ёнидан ўтди. Бирдан ўша тарафдан ёрдам сўраб бақираётган овозни эшитди. Фермер ёрдамга югурди ва у ерда ботқоқлик ўзининг ифлос қаърига тортаётган бир болани кўрди. Бола ўзини ботқоқликнинг қўрқинчли зичлигидан чиқаришга ҳаракат қилар эди. Лекин унинг ҳар бир ҳаракати унинг тобора чўкишини тезлатар эди. Бола тиришиб, қўрқувдан бақирар эди. Фермер дарахтнинг қалин бир шохини синдириб олди. Ҳалоскор эҳтиётлик билан шохни чўкаётган болага узатди. Бола унинг ёрдамида хавфсиз ерга чиқиб олди. Уни кучли титроқ босган эди. У узоқ вақт кўз ёшларини тўхтата олмади, лекин асосийси у қутқарилган эди!
– Юр мен билан, уйимга олиб бораман, — таклиф қилди фермер. — Сен ўзингга келиб олишинг керак, қуриниб ва исиниб олишинг лозим.
– Йўқ-йўқ, — бола бошини чайқатди, — мени отам кутяпти. У жуда хавотир олаётган бўлса керак. Ўзининг ҳалоскорининг кўзларига тикилиб турди-да, югурганча кетди…
Эрталаб фермер уйининг олдига бой бир извош келиб тўхтаганини кўрди. Извошга зотли отлар боғланган эди. Извошдан қимматбаҳо кийимлар кийган бир жаноб тушди ва сўради:
– Менинг ўғлимнинг ҳаётини кеча сиз сақлаб қолган эдингизми?
– Ҳа, мен, – жавоб берди фермер.
– Мен сизга қанча тўлашим керак?
– Мени хафа қиляпсиз, жаноб. Сиз менга ҳеч нарса қарз эмассиз. Чунки, мен оддий одам қандай ҳаракат қилиши керак бўлса, шундай ҳаракат қилдим холос.
– Йўқ, мен буни шундай қолдиролмайман. Чунки, ўғлим мен учун жуда қадрли. Истаган пулингизни сўранг, – қистади ташрифчи.
– Мен бу ҳақда ҳеч нарса гапиргим келмаяпти. Хайр.
Фермер кетиш учун ўгирилди. Шу вақт унинг елкасига ичкаридан ўғилчаси чиқиб осилди.
– Бу сизнинг ўғлингизми? – сўради бойвачча меҳмон.

-Ҳа, – ғурур билан жавоб берди фермер, ўғлининг бошини силаганча.
– Келинг бундай қиламиз. Мен сизнинг ўғлингизни ўзим билан Лондонга олиб бораман. Унинг таълим олиши учун барча харажатларни тўлайман. Агар у буни сиз хоҳлаётганингиздек хоҳласа, у ҳолда сиз ҳам, мен ҳам бу қароримиздан афсусланмаймиз…
Орадан йиллар ўтди. Фермернинг ўғли мактабни тугатди. Кейин тиббиёт Университетини. Тез орада унинг номи пенициллин кашфиётчиси сифатида дунёга танилди. Унинг исми Александр Флемминг эди. Уруш арафасида Лондоннинг бойлар учун ташкил қилинган клиникага ўпка шамоллаши ташхиси билан худди ўша жанобнинг ўғлини келтиришди.
Бу гал унинг ҳаётини қутқариб қолинишига нима сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?
-Ҳа, Александр Флемминг томонидан кашф қилинган пенициллин. Флеммингга таълим берган бой жанобнинг исми Рандольф Черчил эди. Унинг ўғлини эса Уинстон Черчил дейишарди. Ўша, кейинчалик Англиянинг премьер-министри бўлган Черчил.
Уинстон Черчил айтган эди: «Сен томондан қилинган нарса албатта сенга қайтади».
Шоолим Шомансуров таржимаси