Skip to main content
Yangiliklar

Қўлни ювиш- касалликларни олдини олишнинг энг осон усули

By 05.05.2020No Comments

Қўл ювиш каби жуда оддий ҳаракат уйда, ишда, болалар боғчалари, мактаблар ва касалхоналарда турли инфекция ва хасталиклар олдини олишнинг энг самарали усулларидан биридир. Тоза қўллар вирус ва микроблар юқишига ва уларнинг жамоатчилик орасида тарқалишига йўл қўймайди.

Қўл ювиш қай тарзда касалликлар олдини олади?
Қўлларимиз организм, оғиз, бурундан чиқадиган турли ажралмалар, нажасга тегади, хаста кишиларнинг вируслари юққан буюмлар билан алоқада бўлади. Қўлни оқар сувда совун билан ювиш, тоза ёки бир марталик сочиқдан фойдаланиш механик йўл билан потенциал касаллик тарқатувчиларни йўқ қилади. Совун нафақат касаллик тарқатувчиларни йўқотади, балки қўллардаги вирусларни ҳам қиради.
Қўл ювишнинг самарадорлиги
Тадқиқотлар кўрсатишича, қўлни сув ва совун ёрдамида яхшилаб ювиш ичак касалликлари ва диареяга чалиниш ҳолатларини 31 фоизга, нафас йўллари касалликларини эса 21 фоизга камайтиради.
Олимлар қўлни сув билан совунлаб ювиш бутун дунё бўйлаб миллионлаб касалланиш ҳолатлари олдини олиши мумкинлигини айтади.
Вирусли гепатит, овқатдан заҳарланиш, энтерит, нафас йўллари инфекциялари, ичбуруғ кабилар — ифлос қўллар касалликларидир.
Қизиқарли фактлар
— Тоза қўл терисида микроблар ўн дақиқа ичида нобуд бўлади. Агар қўл ифлос бўлса, микроблар 95 фоиз ҳолатларда тирик қолади, бунинг устига, фаоллик билан кўпаяди.
— Биринчи марта совунлаганда, қўл терисидаги микроблар ювилиб кетади, иккинчисида эса, терида очилган тешикчалардан ҳам микроблар чиқиб кетади.
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертлари фикрича, доимий равишда қўлни ювиб туриш Осиё ва Африка мамлакатларида дизентериядан нобуд бўлаётган минглаб болаларнинг ҳаётини қутқариши мумкин. Ушбу касалликни биз учун оддий бўлган “овқатдан олдин ва ҳожатдан сўнг қўл ювиш” жараёни орқали тўхтатиб қолиш мумкин.
— БМТ Бош Ассамблеяси 2008-йилда 15-октябр санасини Халқаро қўл ювиш куни деб эълон қилган.

Қўлни қандай ювса, тўғри бўлади?
• қўлни доимо овқатланишдан, болаларга овқат беришдан ва ҳожатхонага кириб чиққандан сўнг ювиш керак;
• қўл ювиш жараёни камида 30 сония давом этиши лозим;
• қўлни албатта совунлаб ювиш зарур;
• сув иссиқ бўлиши керак эмас. Микроблар иссиқ сувда ўлади, деган фикр янглишдир. Шу тариқа, сиз терининг ҳимоя қатламини ювиб юборасиз, бу эса қўлингизга шикаст етказиши мумкин;
• қўлни икки марта совунлаш керак;
• асосий эътиборни бармоқлар оралиғи ва тирноқлар остига қаратинг, у ерда доимо микроблар кўп бўлади;
• нафақат кафтларни, балки билакларни ҳам ювинг;
• қўлни оқар сув тагида ювинг;
• қўлларни юмшоқ сочиқда яхшилаб артинг. Ахир, маълумки, бактериялар илиқ ва нам муҳитда кўпайишни яхши кўради;
• сочиқни иложи борича тез-тез алмаштиринг. Оиланинг ҳар бир аъзосида алоҳида сочиқ бўлгани маъқул;
• совун бўлагидан фойдалансангиз, совундонни ювиш ва қуритиш жуда муҳимдир.