Skip to main content
Yangiliklar

Роппа-роса 5 йил олдин ўзбекистонлик таэквондочи илк бор Жаҳон чемпиони бўлган эди

By 18.05.2020No Comments

2015 йилнинг 12-18 май кунлари Россиянинг Челябинск шаҳрида таэквондо бўйича XXII Жаҳон чемпионати бўлиб ўтганди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси 1та олтин ва 2та кумуш медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллаган эди.

 

 

-74кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Никита Рафалович ва -80кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Жасур Бойқўзиев кумуш медалларига эга чиқишган бўлса, +87кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Дмитрий Шокин барча рақибларини мағлуб этиб олтин медалга эга чиққан ва ўз номини ўзбек таэквондоси тарихига ёздириб қўйганди.

Шокин финал баҳсини мусобақанинг сўнгги кунида ўтказиб, ғалаба қозонган эди. Келинг ҳамюртимизнинг ўша мусобақадаги барча рақиблари ва натижаларини ёдга оламиз:

1/16 финал – Дмитрий Шокин (Ўзбекистон) – Жейсон Грант (Ямайка) 13:1
1/8 финал – Дмитрий Шокин (Ўзбекистон) – Леонардо Базиле (Италия) 8:2
1/4 финал – Дмитрий Шокин (Ўзбекистон) – Уолкер Водзич (Германия) 11:2
1/2 финал – Дмитрий Шокин (Ўзбекистон) – Робелис Деспанье (Куба) 7:6
ФИНАЛ – Дмитрий Шокин (Ўзбекистон) – Фирмин Зокоу (Кот-Д’Ивуар) 11:10

 

«Ўша кунни жуда яхши эслайман. Чорак финалда ғалаба қозониб бронза медални нақд қилгандим. Ярим финалда кубалик кучли рақибга қарши жанг қилгандим. Олтин очко туфайли финалга чиққандим. Финал эса жуда оғир ўтганди. Африкалик рақиб жуда кучли, зарба техникаси, ностандарт ҳаракатлари бор эди. Финал жуда ҳам кўп мунозараларга бой бўлганди. Жанг охирида ҳисоб 10:10 бўлиб турганида мендан очко олиб ташлашганди. Бироқ мураббийимиз Александр Анатольевич карточка кўтариб раддия билдирганди. Ҳакамлар такрорий лавҳаларни кўриб чиқиб, қўлим билан зарба бераётганда унинг оёғидан ушламаганим кўришади ва очко яна қайтарилади. Шу тариқа 10:10 ҳисобида асосий вақт тугайди. Ортга йўл йўқ эди, йўқотадиган ҳеч нима йўқ эди. Қўшимча вақтда олтин очкога эга чиқиб Жаҳон чемпиони бўлгандим. Ўша ғалабада кўпчиликнинг хиссаси бор. Бир неча йиллар давомида бирга ишлаган мураббийлар, шахсий мураббийим Фахриддин Умаров, терма жамоа мураббийи Александр Анатольевич ва бошқа мураббийларнинг хиссаси катта. Бу медальни олиш учун жуда кўп меҳнат қилгандик. Ўша кунга қадар Ўзбекистон таэквондочилари Жаҳон чемпионатида олтин медальни қўлга киритишмаганди. Юртимизга мана шу медальни келтирганимдан жуда ҳам қувонганман. Финалдаги ғалабадан сўнг залдаги барча ўзбекистонлик спортчилар бирга байрам қилишганди. Жаҳон чемпионати шохсупасининг энг юқорисида туриб, олтин медаль билан юртимиз мадҳиясини баралла айтиш бу жуда ҳам қадрли онлар. Барчага мана шу ҳисларни бир марта бўлса ҳам туюшларини тилаб қоламан. 2021 йилги Олимпиадада ўзбекистонлик таэквондочиларга омад тилайман. Худо хоҳласа дастлабки Олимпиада медали қўлга киритилади ва у ягона бўлмайди деб ишонаман», – дейди 2015 йилги Жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.