Skip to main content
Yangiliklar

Олимпия ўйинлари афсоналари туркумидан: Барча даврларнинг энг яхши спортчиси Лариса Латинина

By 28.05.2020No Comments

2014 йилда Таиланднинг пойтахти Бангкок шаҳрида Миллий олимпия қўмиталарининг ассоциацияси (ANOC) тарихда биринчи марта буюк Олимпиячилар учун таъсис этган мукофоти – спорт “Оскар”ини тантанали топшириш маросимини ўтказди. Бу “Оскар” “Барча даврларнинг энг яхши спортчи аёли” – Лариса Латининага топширилди.

Лариса Семеновна Латинина – спорт гимнастикаси бўйича тўққиз карра Олимпия ўйинлари чемпиони, шахсий ва жамоавий мусобақаларда кўп марта жаҳон ва Европа чемпиони бўлган энг ёрқин ва машҳур атлет. 2012 йилга қадар у спорт тарихида Олимпия ўйинларида энг кўп медаль (9 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза) олган гимнастикачи ҳисобланарди.

Латинина 1934 йил 27 декабрда Украинанинг Херсон шаҳрида туғилган. Отаси Иккинчи жаҳон уруши йилларида Сталинграддаги жанглар пайтида ҳалок бўлган. Лариса кундузи фаррош, кечаси ўт ёқувчи бўлиб ишлашга мажбур бўлган онаси билан фашистлар оккупациясининг бутун даҳшатини бошидан ўтказишган.

Қиз ёшлигидан балерина бўлишни орзу қилган. Шаҳарда Халқ ижодиёти уйида хореография студияси очилиши билан онаси ишлаб топган ҳамма пулини сарф қилиб, қизини балет тўгарагига берган. Аммо кўп ўтмай, ушбу студия ёпилиб қолганидан кейин 5-синфда ўқиётган Лариса мактабидаги гимнастика секциясига қатнай бошлаган. Бу ерда уни биринчи тренери Михаил Сотниченко қарши олди.

1950 йилда гимнастикачи қиз биринчи спорт разряди нормативини бажарган ва Украина мактаб ўқувчиларининг терма жамоаси таркибида Қозонда ўтказилган Бутуниттифоқ биринчилигида иштирок этган. Ўнинчи синфда ўқиётганида эса спорт устаси бўлган.

1953 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тугаллаган Лариса Латинина Киевдаги политехника институтига ўқишга кирган ва Александр Семёнович Мишаков бошчилигида машқларини давом эттирди. Бутуниттифоқ машқ йиғинларида саралаш синовларидан муваффақиятли ўтган гимнастикачи қиз Бухарестда бўлган Бутунжаҳон ёшлар ва студентларнинг фестивалида дастлабки олтин медалларини қўлга киритди. У ўша пайтда Киевдаги “Буревестник” кўнгилли спорт жамияти спортчиси бўлган.

Лариса иккинчи курсда ўқиётганида политехника институтидан Киев давлат жисмоний тарбия институтига ўтган. Бу унга ўқишни турли даражадаги спорт мусобақаларида фаол иштирок этиш имкониятини яратди. 1954 йилда Римда ўтказилган гимнастика бўйича жаҳон чемпионатида Иттифоқ терма жамоаси ғолиб бўлган ва ушбу жамоа сафида бўлган Лариса Латинина жаҳон чемпионатининг биринчи олтин медалини қўлга киритди.

1956 йил у Мельбурнда Олимпиаданинг дастлабки олтин медаллари соҳиби бўлган. 1956 ва 1960 йилларда жаҳон чемпионатларининг мутлақ ғолиби, жамоавий биринчилик ҳамда эркин машқлар бўйича Олимпиада чемпиони ҳисобланади. Лариса Латинина учта Олимпиадада эркин машқларда кетма-кет олтин медалларни қўлга киритган жаҳонда ягона гимнастикачидир. Шунигдек, у 1957 ва 1961 йиллардаги Европа биринчиликларининг мутлақ чемпионидир.

Спортчилик фаолияти тугаганидан кейин Лариса Латинина мамлакат терма жамоасининг катта мураббийи бўлиб ишлаган. Унинг Лариса Петрик, Эльвира Саади, Людмила Туришчева, Ольга Корбут, Нэлли Ким каби амшҳур шогирдлари бўлган. Лариса Латининанинг мўъжизавий терма жамоаси (жаҳонда уни шундай номлашган) учта Олимпиада – 1968 йилда Мехикодаги, 1972 йилда Мюнхендаги ва 1976 йилда Монреалдаги мусобақалар чемпиони бўлди. Шу тариқа Лариса Латинина мамлакат терма жамоасига 10 йил давомида мураббийлик қилди.

Машҳур гимнастикачи Москвадаги “Олимпиада-80” ташкилий қўмитасининг аъзоси, “Жисмоний тарбия ва саломатлик” саҳоват жамғармаси директорининг ўринбосари, “Гефест” Россия-Германия қўшма корхонаси директорининг ўринбосари вазифаларида ишлаган.

Кейинги йилларда у Россия Спортчилар иттифоқининг жамоатчилик раҳбарларидан бири бўлган. Айни пайтда Россия Олимпия чемионлари уюшмасида фаол иш олиб бормоқда.

Лариса Латинина “Россия Федерацияси жисмоний тарбия хизмат кўрсатган ходими” каби кўпгина орден ва медаллар билан тақдирланган.

1991 йилда унга буюк хизматлари учун Халқаро Олимпия қўмитасининг кумуш Олимпия ордени топширилган.

olympic.uz