Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Вабо, карантинли ва ўта хавфли инфекциялар профилактикаси республика марказининг лаборатория мудири Маъруфжон Мадаминов ҳукумат томонидан карантинни олиб ташлаш, кенгайтириш ёки чеклаш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида гапирди.
Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарорига биноан айрим ҳудудларда чеклов чоралари аста-секин юмшатилмоқда. Шундай қилиб, вазият барқарор бўлган минтақаларда транспорт ва корхоналар ишлай бошлади.
Тошкентда автоулов эгаларига ишлаш учун шахсий транспортда, озиқ-овқат ёки дорихонага бориш учун рухсат берилди ва фуқаролар барча санитария чораларини кўрган ҳолда ижтимоий масофа сақлаб юришлари керак. Шу билан бирга, халқаро ҳаво қатновлари фаолиятини ҳали кутишимиз керак. Уларни 30 июндан тиклаш режалаштирилган.
Маъруфжон Мадаминов сўзларига кўра, барча чора-тадбирлар асосли ва улар аниқ эпидемиологик вазият тўғрисидаги мавжуд маълумотлар асосида амалга оширилади.
«Биз эпидемия чўққисидан ва текислигидан (плато) ўтдик. Энди касаллик юққанлар сони камайиши кутилмоқда. Бироқ, бу жараён минтақаларда турли йўллар билан амалга оширилади. Зичлик юқори бўлган жойларда – Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона водийси – маҳаллий аҳоли ўртасида касаллик юқиши ҳолатлари ҳали ҳам мавжуд. Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида четдан олиб келинган ҳолатлар деярли локализация қилинган. Шу сабабли, чекловларни аста-секин олиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Иқтисодиёт ҳам тўхтаб қолмаслиги, аста-секин иш режимига ўтиш керак».
Республика бош инфекционисти, шунингдек, ҳаво қатновини тақиқлаш нафақат ички эпидемиологик, балки бошқа давлатлардаги вазиятга ҳам боғлиқлигини таъкидлади. Чунки ҳамма давлатлар ҳам COVID-19 тарқалишининг энг юқори чўққисини босиб ўтмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 10.05.2020 санасидаги маълумотларига кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 2387 га етган. Уларнинг орасида 1846 киши тўлиқ соғайишган.
Манба: https://uz.sputniknews.ru/society/20200501/14038565/Uzbekistan-proshel-pik-i-plato-po-COVID-19–nablyudaem-spad–Madaminov.html?utm_source=smi2