Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари туркумидан . Аҳмад ал Фарғоний (4-бўлим)

By 02.05.2020No Comments

Иқлимларнинг ал-Фарғоний келтирган тавсифлаш усули ал-Хоразмийникидан фарқ қилади. Ал-Хоразмий ўзининг тавсифлаш усулида Птолемей анъанасига асосланган бўлса, ал-Фарғоний ҳиндларнинг анъанасига асосланиб, рубъи маъмурнинг тавсифини энг шарқий чеккасидан бошлайди. Унинг иқлимлар тавсифида 3, 4, 5, 6, ва 7-иқлимларнинг тавсифи диққатга сазовордир. Чунки буларда Марказий Осиёнинг ва унга туташ ерларнинг шаҳар ва вилоятлари тавсифланади. Шунинг учун қуйида ўша тавсифларни ўз ичига олган парчани келтирамиз.
«Учинчи иқлим Шарқдан бошланиб, Хитой мамлакатининг шимолидан, сўнг Ҳинд мамлакатидан ва сўнгра Кобул ва Кермон вилоятларидан ўтади.

Тўртинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Тибетдан, сўнгра Хуросондан ўтадики, бунда Хўжанд, Усрушона, Фарғона, Самарканд, Балх, Бухоро, Ҳирот, Амуя, Марварруд, Марв, Сарахс, Тус, Нишопур шаҳарлари бор. Ундан сўнг Журжон, Қумис, Табаристон, Демованд, Қазвин, Дайлам, Рай, Исфаҳондан ўтади.

Бешинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатидан бошланади, сўнг Хуросоннинг шимолидан ўтади, унда Тороз шаҳри — савдогарлар шаҳри бор, Навокат (Навкат), Хоразм, Исфижоб (Сайрам), Турарбанд (Ўтрор — ҳозирги Арис) ва Озарбайжон, Арминия (Арманистон) вилояти, Бардаъа (Барда), Нашава (Нахчивон) шаҳарлари бор.

Олтинчи иқлим Шарқдан бошланади ва Яжуж мамлакатидан ўтади, сўнг Хазар мамлакатидан (Шимолий Кавказ ва Қуйи Волгабўйи), Журжон (Каспий) денгизининг ўртасидан кесиб ўтади ва Рум (Византия) мамлакатигача боради.

Еттинчи иқлим Шарқда Яжуж мамлакатининг шимолидан бошланади, сўнг туркий мамлакатлардан (Марказий Осиё), сўнг Журжон денгизининг шимолидан, сўнг Рум денгизини (Қора денгиз) кесиб, сақлаблар (славянлар) мамлакатидан ўтади ва Ғарб денгизида (Атлантика) тугайди».

Келтирилган парчадан кўринадики, ал-Фарғоний катта кенгликдаги ўлкаларни тавсифлаган бўлса ҳам, ўзининг асл ватани Мовароуннаҳрни муфассалроқ тавсифлаган. Ундан ташқари шуни ҳам таъкидлаш керакки, ал-Фарғонийнинг рубъи маъмур ҳақидаги тасаввури анча аниқ бўлиб, ҳар хил афсонавийлиқдан холидир. Чунончи, у Яжуж мамлакати деб Шарқдаги афсонавий ерни эмас, балки ҳозирги Мўғулистоннинг шарқи ва Хитойнинг шимоли-шарқига мос келадиган аниқ географик ҳудудни айтган.

Фарғонийнинг номи Хоразмий каби бутун Шарқ ва Ғарбда машҳурдир. Ўрта асрда табиий-илмий билимларнинг ривожига улкан ҳисса қўшган олим сифатида манбаларда, сўнгги Ғарб ва Шарқ муаллифлари асарларида, ўз юрти Ўзбекистонда, айниқса, зўр ғурур ва ифтихор билан тилга олинади, ўрганилади, ҳозирги қунда кўчалар, ўқув юртларига унинг номи берилган. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.

т.ф.д. А. Аҳмедов