Ҳозирги кунда ал-Фарғонийнинг саккиз асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор ва бирортаси ҳозирги замон тилларига таржима қилинмаган. Улар қуйидагилардир: юқорида тилга олинган асар, одатда уни «Астрономия асослари ҳақида китоб» номи билан ҳам аташади — қўлёзмалари дунё кутубхоналарининг деярли барчасида бор. «Астурлоб ясаш ҳақида китоб» — қўлёзмалари Берлин, Лондон, Машҳад, Париж ва Теҳрон қутубхоналарида, «Астурлоб билан амал қилиш ҳақида китоб» — биргина қўлёзмаси Рампурда (Ҳиндистон), «Ал-Фарғоний жадваллари» —қўлёзмаси Патнада (Ҳиндистон), «Ойнинг Ер остида ва устида бўлиш вақтларини аниқлаш ҳақида рисола» — қўлёзмаси Қоҳирада, «Етти иқлимни ҳисоблаш ҳақида» — қўлёзмалари Готада ва Қоҳирада, «Қуёш соатини ясаш ҳақида китоб» — қўлёзмалари Ҳалаб ва Қоҳирада сақланади. «Ал-Хоразмий «Зиж»ининг назарий қарашларини асослаш» асари Беруний томонидан эслатилади, лекин қўлёзмаси топилмаган.
Ал-Фарғонийнинг бу рўихат бошидаги икки асаридан бошқалари ҳали ҳеч ким томонидан ўрганилмаган. Шубҳасиз, улар ўрганилиб таҳлил қилиниши билан ал-Фарғоний ижодининг янги қирралари очилади ва олимнинг ўрта асрларда, ундан кейин Шарқ ва Ғарбда бу қадар машҳур бўлиши сабаблари ҳам аён бўлади. Айтганимиздек, мазкур асарларнинг биринчиси 1145 йилдан бошлаб лотин тилига бир неча марта таржима қилинган. Бу таржималарнинг барчасида ал-Фарғоний исми лотинчада «Алфраганус» шаклида ёзилиб, шу шаклда фанга абадий кириб қолди.
Ал-Фарғонийнинг бу асари астрономиядан энг содда дарслик бўлиб, унда мураккаб геометрик шакллар ва математик формулалар, ҳисоблашлар келтирилмаган. Бу эса астрономиядан бошланғич маълумотларни ўзлаштиришни анча осонлаштирган. Балки буюк Региомонтан асарнинг шу хусусиятини англаб, ўзининг университетлардаги маърузалари учун кўлланма сифатида ал-Фарғонийнинг ана шу асарини танлагандир.
Шундай қилиб, буюк аждодимизнинг бу асари Оврўпо Уйғониш давридаги ва ундан анча кейинги даврдаги маданият ривожида сезиларли роль ўйнади. Асарнинг иқлимлар назариясига кўра, баён қилинган географик бўлими диққатга сазовордир. Мамлакат ва шаҳарларнинг номларига қараганда, ал-Фарғоний ал-Хоразмийнинг географик асари билан таниш бўлган ёки у ҳам ал-Хоразмий фойдаланган манбадан фойдаланган, чунки иккала муаллифда ҳам бу номлар бир хил.
Географик бўлим (9-боб) бундай аталган: «Ердаги маълум мамлакатлар ва шаҳарларнинг номлари ва ҳар бир иқлимдаги нарсалар ҳақида». Бундан сўнг, етти иқлимнинг ҳаммаси улардаги мамлакатлар, вилоятлар ва шаҳарлари билан бирга тавсифланади. Шуни ҳам айтиш керакки, ўрта асрларда араб тилида ёзилган географик асарларнинг энг биринчиси ал-Хоразмийнинг «Китоб сурат-ул-арз» асари эди. Унда ал-Хоразмий етти иқлимдаги денгизлар, мамлакатлар, тоғлар, дарёлар, кўллар ва шаҳарларнинг тавсифини келтирган эди. Бунда у тавсифни рубъи маъмурнинг энг ғарбий чеккасидан, яъни Африканинг Атлантика океани қирғоғига яқин жойлашган ороллардан бошлаб, энг шарқий чеккасигача, яъни Тинч океанидаги Япония оролларигача давом эттиради. Тавсиф кенглама йўналишида экваториал ерлардан то шимолий қутубий ерларгача давом этади.
т.ф.д. А. Аҳмедов