Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Имом ал-Бухорий (810-870) 4-бўлим

By 28.05.2020No Comments

Аллома ибн Салоҳнинг таъкидлашича, ал-Бухорийнинг бу асарига киритилган ишончли ҳадисларнинг сони такрорланадиганлари билан бирга 7275 та бўлиб, такрорланмаидиган ҳолда эса 4000 ҳадисдан иборат.
Бу шарафли ишни биринчи ал-Бухорий бошлаб берган бўлиб, кейин қатор олимлар унга тақлид қилиб, шу зайлда ҳадислар тўпламини яратганлар. Имом ал-Бухорийнинг ушбу йирик асари ёзилганига тахминан 1200 йил бўлди, ўша даврдан бошлаб токи шу вақтгача у ислом таълимотида Қуръондан кейинги иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келинмоқда. Имом ал-Бухорийнинг ушбу асарининг кўплаб нусхалари турли шаҳарларда тарқалган. Ҳатто ўрта асрларда яшаган баъзи адиб ва хаттотлар учун бу асар нусхаларини кўчириш тирикчилик манбаи ҳам бўлган. Жумладан, таниқли адиб ва тарихчи ан-Нувайрий (1332 йилда вафот этган) ал-Бухорийнинг ушбу асаридан саккиз нусха кўчириб, ҳар бирини минг дирҳамдан сотган. 1325 йилда кўчирилган саккиз жилддан иборат гўзал бир нусхаси ҳозир Истанбулда сақланмоқда. «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ»га кўпдан-кўп шарҳлар битилган бўлиб, муҳим манба сифатида у қайта-қайта нашр ҳам қилинган. Имом ал-Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақат ислом таълимотига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмайди. Улар меҳр-муҳаббат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она, аёллар ва катталарга ҳурмат, етим-есирларга мурувват, фақир бечораларга ҳиммат, ватанга муҳаббат, меҳнатсеварлик ва ҳалолликка даъват этиш каби ҳақиқий инсоний фазилатлар ва намунали тартиботлар мажмуасидир. Унда нима яхши, нима ёмон, нимани қилиш керак, нимадан ўзни тийиш лозимлиги ҳакида ҳозирги жамиятимиз аҳли, айниқса, ёш авлод учун катта тарбиявий аҳамиятга эга йўл-йўриқлар, панд-насиҳат ва ўгитлар акс эттирилган.
1974 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний бошқармаси ташаббуси билан жумҳуриятимизда бутун ислом дунёси вакиллари иштирокида алломанинг 1200 йиллик юбилейи нишонланган эди. Унинг шоҳ асарлари ҳисобланмиш «Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ» ва «Ал-адаб ал-муфрад» китоблари Тошкентда қайтадан нашр қилиниши ал-Бухорий меросини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлди. Тошкентдаги диний олий маъҳаднинг Имом ал-Бухорий номи билан аталиши бундан ўн икки аср муқаддам илм-фан йўлида беқиёс катта хизмат қилган буюк олимга чуқур ҳурмат-эътиборнинг рамзидир. Алломанинг Хартанг қишлоғида жойлашган салобатли мақбараси энг обод ва кўркам қадамжолардан бири сифатида ардоқланиб, ислом аҳли ва барча меҳмонлар учун табаррук зиёратгоҳ сифатида машҳурдир. 1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти формони билан буюк ҳадисшунос алломанинг 1225 йиллик таваллуд куни кенг жамоатчилик томонидан катта ҳурмат ва эҳтиром ила нишонланиб, унинг мақбараси қайта қурилди.
фил. ф.н. У. Уватов