Имом ал-Бухорий хориждан қайтгач, ўз ватани Бухорода кўплаб шогирдлар ва уламоларга ҳадис илмидан сабоқ бериш билан машғул бўлади. Кўпчилик уни ҳурмат қилган, аммо баъзи ҳасадгўй, қора ниятли кишилар ал-Бухорийни кўролмас эдилар. Натижада ҳасадгўйларнинг хатти-ҳаракати туфайли Бухоро амири Холид ибн Аҳмад аз-Зуҳалий билан ал-Бухорийнинг алоқаси бузилиб қолади. Бунга сабаб, амир олимдан ҳузурига келиб «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», «Ат-таърих» китобларини ўқиб беришни талаб қилади. Лекин ал-Бухорий «Мен илмни хор қилиб, уни ҳокимлар эшиги олдига олиб бормайман, кимга илм керак бўлса, ўзи изласин. Лекин Аллоҳ охират куни илмни яширмай уни толибларга сарф қилгани учун мени кечиради», деган жавобни айтади. Амирга жавоб ёқмай, фитначи, бўҳтонкор шахсларнинг гапига кириб ал-Бухорийга шаҳарни тарк этишни буюради. Шундан кейин ал-Бухорий Самарқандга қараб йўл олади ва бирмунча муддат Хартанг қишлоғида ўз шогирдлари ва қариндош-уруғлариникида яшагандан кейин оғир касалга чалиниб, ҳижрий 256 йил (мелодий 870 йил 1 сентябрь) 60 ёшида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.
Имом ал-Бухорий авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирган бўлиб, у ёзган асарларнинг сони йигирмадан ортиқдир. Улардан «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», «Ал-адаб ал-муфрад», «Ат-таърих ас-сағир», «Ат-таърих ал-авсот», «Ат-таърихал-кабир», «Китоб ал-илал», «Барр ул-волидайн», «Асоми ус-саҳоба», «Китоб ал-куна» ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Буюк алломанинг энг муҳим асари, шубҳасиз, «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»дир. Бу асар «Саҳийҳ ал-Бухорий» номи билан ҳам машҳур. Унинг ғоят аҳамиятли томони шундаки, Имом ал-Бухорийгача ўтган муҳаддислар ўз тўпламларига эшитган барча ҳадисларини танлаб ўтирмай қаторасига киритаверганлар. Имом ал-Бухорий эса турли ровийлардан эшитган ҳадисларни табақаларга бўлиб, уларнинг ишончлиларини ажратиб, алоҳида китоб яратди.
фил. ф.н. У. Уватов