Ўз даврининг етук муҳаддис олими сифатида танилган ат-Термизий кўпдан-кўп шогирдларга устозлик қилган. Ҳадис илмидаги унинг шогирдларидан Макҳул ибн ал-Фадл, Муҳаммад ибн Маҳмуд, Анбар, Ҳамад ибн Шокир, Абд ибн Муҳаммад ан-Насафюн, ал-Ҳайсам ибн Кулайб аш-Шоший, Аҳмад ибн Юсуф ан-Насафий ва Абул-Аббос Муҳаммад ибн Маҳбуб ал-Маҳбубийларни санаб ўтиш мумкин. Мусофирчиликдан қайтган ат-Термизий ўз юртида йирик муҳаддис олим сифатида шуҳрат қозонди ва ижодий иш, шогирдлар тайёрлаш билан машғул бўлди. У 279 ҳижрий (милодий 892) йилда Термиздан узоқ бўлмаган Буғ қишлоғида вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.
Ўз ижодий ва илмий фаолияти даврида ат-Термизий бир қанча асарлар яратдики, уларнинг аксарият қисми бевосита ҳадисларга бағишланган. Гап шундаки, VII асрнинг биринчи ярмида давр жиҳатдан қисқа муддатда юзага келган Қуръони карим ислом таълимотида катта маданий ва тарихий аҳамиятга эга асосий манба бўлсада, мусулмон дунёсининг ижтимоий, ҳуқуқий ва ахлоқий томонларига оид жамики масалаларни ҳар томонлама тўла-тўкис қамраб ололмаган, албатта. Шу боисдан ҳам Ислом дини чегараларининг кенгайиши, унинг қонун-қоидаларига асосланган жамият ривожланган сари турли-туман янги ғоявий фикр-мулоҳазалар ва кўрсатмаларга эҳтиёж тобора қучая борган. Шу сабабдан ҳам барча жиҳатлардан намунали зот ҳисобланган пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари айтган ибратомуз панд-насиҳатлар, диний, ахлоқий масалаларга доир қарашлари, қўрсатмалари ҳамда пайғамбар алайҳиссалом ҳаёти, фаолияти хусусида қариндош-уруғлари, саҳобалари, яқин сафдошлари айтган ҳикоят ва ривоятлари — ҳадисларни тўплаш кенг кўламда авж олган. Шунга кўра, ислом таълимотида ҳадислар Қуръондан кейин турадиган муҳим манбалар ҳисобланади. Ислом уламолари ўртасида илк даврдан бошлаб ҳадисларнинг тўғрилиги, уларни ишончли манбаларга асосланишига катта эътибор берилган. Чунончи, ўша даврнинг ўзидан бошлабоқ ноаниқ, чала-чулпа, ҳатто сохта ҳадислар ҳам эл орасида тарқай бошлаган. Шундай пайтларда улар қайта-қайта текширилиб, муҳаддисларнинг бетиним меҳнати натижасида асл ҳолига қайтарилиб, ёзма равишда қайд қилинган. Натижада исломшунос йирик уламолар орасида ишончли манбалар асосида тўпланган ва тартибга келтирилган олтита ҳадислар тўплами (Ас-сиҳоҳ ас-ситта) муаллифлари энг нуфузли ва мўьтабар муҳаддислар деб тан олинган. Мана шу эътироф этилган машҳур муҳаддислардан бири — Имом ат-Термизийдир.
фил. ф.н. У. Уватов