Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (824-892) 1-бўлим

By 29.05.2020No Comments

Ўрта асрларда яшаган кўпгина олимлар илм-фаннинг турли соҳаларига оид дунёвий фанлар билан бирга диний илмлар ривожига ҳам катта эътибор берганлар. Зотан диний илмлар жамият тараққиётида, инсонларнинг камол топиши ва уларнинг дунёқарашининг шаклланишида алоҳида роль ўйнаган.
Жаҳоншумул аҳамиятга эга асарлар яратган буюк алломалардан бири — машҳур муҳаддис (ҳадис илми олими) Абу Исо Муҳаммад ат-Термизийдир. Унинг тўлиқ исми Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо ибн ад-Даҳҳок ас-Сулламий (умрининг охирларида кўзи ожиз бўлиб қолганлигидан ад-Дарийр тахаллуси билан ҳам аталган) ат-Термизий бўлиб, у ҳижрий ҳисобда 209 (милодий 824) йилда Тер-мизда, унча бадавлат бўлмаган оилада таваллуд топди. Марказий осиёлик машҳур олим ва тарихчи Абу Саад Абдулкарим ас-Самъоний (113/1167) «Ал-Ансоб» номли асарида ёзишича, ат-Термизий Буғ (ҳозирги Шеробод тумани) қишлоғида вафот этганлиги учун унинг номига ал-Буғий тахаллуси ҳам қўшилган. Унинг ёшлик йиллари Термиз шаҳрида ўтиб, дастлабки маълумотни ҳам шу шаҳарда олган. Чунончи, ёзма манбалар ва тарихий осори-атиқалардан маълумки, ўрта асрларда Термиз ҳам Марказий Осиёнинг Урганч, Бухоро, Самарқанд сингари илм-фан ва маданияти ривожланган шаҳарлардан бири бўлган. Мана шундай маданий муҳитда ўсган ат-Термизий ёшлигидан турли илмларни эгаллашга зўр қизиқиш билан интилган. Болалигидан ўта зийраклиги, ёдлаш қобилиятининг кучлилиги ва ноёб қобилияти билан ўз тенгқурларидан ажралиб турган ат-Термизий диний ва дунёвий фанларни, айниқса, ҳадис илмини алоҳида қизиқиш билан эгаллаган ва бу борадаги ўз билимларини муттасил ошириш учун кўпгина Шарқ мамлакатларини зиёрат қилган. Жумладан, у узоқ йиллар Ироқда, Исфаҳон, Хуросон, Макка ва Мадинада яшаган. Кўп йиллар давом этган сафарлари чоғида ат-Термизий илм-фаннинг турли соҳаларидан — илм ал-қироат, илм ал-баён, фиқҳ, тарих, айниқса, ўзи ёшлигидан қизиққан ҳадис илмидан ўз даврининг йирик олимлари — машҳур муҳаддисларидан таълим олади. Унинг устозларидан имом ал-Бухорий, имом Муслим, имом Абу Давуд, Қутайба ибн Саъийд, Исҳоқ ибн Мусо, Маҳмуд ибн Ғайлон ва бошқа машҳур муҳаддисларни кўрсатиш мумкин. Манбаларда ёзилишича, ҳадисларни тўплашда ва ўрганишда ат-Термизий ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланган. У йўлда, сафарда бўлганда ҳам ёки бир жойда муқим турганда ҳам ўз устозларидан, учратган ровийларидан эшитган ҳадисларни дарҳол ёзиб олиб, уларни тартибли равишда алоҳида-алоҳида қайд қилиб борган.
фил. ф.н. У. Уватов