Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Аҳмад ас-Сарахсий (835-899) 2-бўлим

By 16.05.2020No Comments

Унинг таржимаи ҳолига оид иккинчи маълумот шундан иборатки, у Аббосий халифаларидан — 892 йили халифалик курсисига ўлтирган ал-Муътададга устозлик қилиш билан бирга аста-секин xaлифанинг ҳам мамлакат, ҳам шахсий ишларидаги маслаҳатчисига айланган. Аллома ўша даврнинг йирик сиймолари — шоир ибн ал-Муътаза, машҳур олим Собит ибн Қурра, ал-Муътадад вазирининг ўғли ва отасининг вафотидан сўнг вазир вазифасини эгаллаган шоир ва давлат арбоби ал-Қосим ибн Убайдуллоҳ ибн Сулаймон ва бошқалар билан яқин мулоқотда бўлган. Кўп ўтмай ал-Муътадад ва Аҳмад ас-Сарахсий муносабатларига путур етиб, халифа уни 896 йили банди қилади ва 899 йили вазир ал-Қосимнинг хайрихоҳлигида қатл эттиради. Ас-Сарахсий ҳақидаги маълумотлар Ўрта acp муаллифларидан Ибн ан-Надим, Ибн ал-Қифтий, Ибн Абу Усайба, Бар Эбрей Ёқут ал-Ҳамавий, Ҳожи Халифа ва бошқаларда учрайди. Xycyсан Ибн ал-Қифтий у ҳақда қуйидаги сўзларни келтиради: «Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Марвон ибн ат-Таййиб ас-Сарахсий ислом дунёсидаги файласуфлардан бири бўлиб, у Ёқуб ал-Киндийнинг шогирди эди. Бинобарин, у фалсафий илмлардаги ноёб истеъдод соҳибларидан ҳисобланиб, мантиқ, мусиқага оид йирик асарларнинг муаллифи, қадимги юнон ва араб илмларининг аксариятида нодир салоҳият эгаси, шу билан бирга жуда билимдон, юксак қобилиятли, ўта нотиқ ва қалами ўткир бир инсон эди. У аввалига халифа ал-Муътададга устозлик қилган, сўнгра унинг ҳамроҳи (надим) ва дўстига айланган. Ал-Муътадад Аҳмад ас-Сарахсийга яқин сирларини ҳам айтиб, давлатни идора этиш ишларида у билан маслаҳатлашар эди…».

Ибн ал-Қифтий олим қаламига мансуб йигирмадан ортиқ асарларнинг номини келтирадики, бу рўйхатни тўлиқ деб бўлмайди ва уни бошқа муаллифлар, жумладан, Ибн ан-Надим, Ёқут ал-Ҳамавий, Хожа Халифаларнинг маълумотлари билан тўлдириш мумкин. Аҳмад ac-Capaxсийнинг барча рисолаларининг номларини зикр этиш имконияти бўлмагани учун, унинг фалсафа, физика, мусиқа, табобат каби фанларга оид баъзи асарларининг номини келтириш мумкин:

1. «Фалсафа асослари» («Аркан ал-фалсафа»).
2 . «Атмосфера ҳодисалари ҳақида китоб» («Китоб фи-аҳдас ал-жавв»),
3. «Туманнинг моҳияти ҳақида китоб» («Китоб фи кави ад-дабаб»).
4. «Тоғларнинг фойдаси ҳақида китоб» («Китаб манфаъат ал-жибал»).
5. «Йўллар ва мамлакатлар ҳақида китоб» («Китаб ал-масалик ва ал-мамалик»).
6 . «Астрономияга кириш» («ал-Мадхал ила синаъат ан-нужум»), Аҳмад ас-Сарахсийнинг Бакуда сақланаётган бу рисоласидаги Зуҳал ва Миррих сайёраларининг бир-бири билан учрашиш жойи ҳақида мулоҳазалари Абу Райҳон Берунийнинг «Хронология» асарида иқтибос қилиниб, танқид остига олинган.
7. «Арифметика китоби» («Китаб ал-арисматиқа фи-л-аъдад»),
8 . «Мусиқа ҳақида катта китоб» («Китаб ал-мусиқа ал-кабир»)
9. «Ашула айтиш сирларига йўриқлар» («Китаб ад-далала ала acpap ал-ғина»).
10. «Табобатга кириш» («ал-Мадхал ила синаъат ат-тибб»).

Аҳмад ас-Сарахсий асарларининг катта қисми бизгача етиб келмаган.

т.ф.н. Б. Абдуҳалимов