Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари: Аҳмад ас- Сарахсий (835-899) 1-бўлим

By 15.05.2020No Comments

Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Mapвон ас-Сарахсий бўлса-да, Аҳмад ибн ат-Таййиб лақаби билан танилган. Баъзан кейинги ном, яъни Аҳмад ибн ат-Таййиб олимнинг исломни янги қабул қилган оиладан эканлигини, бу лақаб унинг мусулмон бўлмаган ота-онасининг исмини яшириш мақсадида қабулқилинган, деган фикрлар ҳам учраб туради. Аллома исмидаги ac-Сарахсий рутбаси унинг насл-насабини англатади ва уни Ўрта асрларда Туркманистоннинг Capaxc деб аталган шаҳридан эканлигини билдиради.

Ас-Сарахсий 835 йиллар атрофида таваллуд топган ва acoсан халифалик маркази Бағдодда яшаб фаолият кўрсатган. У ўз даврида фалсафа, физика, табобат, математика, астрономия, астрология ва мусиқа каби фанлар билан шуғулланиб, машҳурлик шоҳсупасига кўтарилган.

Ас-Сарахсийнинг ҳаёти ва фаолияти, илмий мероси бугунги кунгача жуда кам ўрганилган манба ҳисобланади. Хорижий тадқиқотчилар орасида алломага бағишланган махсус тадқиқот Франс Розенталь қаламига мансуб.

Ўрта acp манбаларида Аҳмад ас-Сарахсийнинг Бағдодга қандай қилиб бориб қолганлиги ҳақида маълумот учрамайди, лекин унинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ бўлган икки муҳим маълумот сақланиб қолган. Улардан биринчиси, алломанинг машҳур қомусий олим ва «арабларнинг файласуфи» деб шуҳрат қозонган Ёқуб ал-Киндийга шогирд бўлганлиги. Устоз ва шогирд дастлаб 850-йиллар атрофида Бағдодда танишгани эҳтимолга яқин. Аҳмад ас-Сарахсий ўша вақтда 10—15 ёшлар атрофида бўлиши мумкин. Адабиётларда ас-Сарахсийнинг олим бўлиб шаклланишида ал-Киндийнинг хизматлари катта бўлганлиги эътироф этилади. Шу билан бирга география, адабиёт, санъат тарихи каби соҳалар борки, уларда ас-Сарахсий ўз устозидан баъзи жиҳатлари билан фарқланади. Маълумки, халифалар ал-Маъмун ва ал-Муътасим даврида катта эътибор ва ҳурматга эга алломалар ал-Мутаваккил даврига келиб бошқа диний ва илмий арбоблар билан бирга таъқиб остига олинган. Ас-Сарахсий ҳам бу таъқиблардан четда қолмаган.

т.ф.н. Б. Абдуҳалимов