Skip to main content
Yangiliklar

БЎЛАЙ ДЕСАНГ САЛОМАТ… (2-қисм)

By 07.05.2020No Comments

Велоспорт
Сўнгги йилларда оммалашган спорт тури. Энергия сарфлаш борасида югуриш каби бўлмасада, ижобий томонлар ҳам йўқ эмас. Буксаси думбоқ аёллар ҳафтасига 3 маротаба 40 дақиқадан велосипед тепкисини айлантириш билан оёқ, букса ва орқа қисмларидаги ортиқча “бурма”лардан халос бўлишлари мумкин. Кўчада велосипед билан кезишни истамаган хонимлар тренажер залларидаги тренажерларда ёғларини “ёқишлари” мумкин.

Сузиш
Озишни истаган аёллар учун сузиш энг мукаммал спорт тури, чунки у нафақат ёғларни эритади, балки тселлюлитни ҳам йўқотади. Сув – табиий массажчи, қон айланишини яхшилайди, терини таранглигини орттириб, уни намландиради. Ҳафтада 3 маротаба 40 дақиқадан сузиш сизни ортиқча ёғдан халос қилиб, умуртқа поғонасини мустаҳкамлайди. Аммо сувга киришдан аввал мушакларни қиздириб олинг (мактабда бажарган машғулотларни эсланг), бу оёқдаги тортишиш (судорога)ни олдини олади. Сузиш суръати қанча баланд бўлса, ёқилган калория сони шунча ортади. Аммо ҳамма нарсада меъёр бўлгани каби, сувда узоқ қолманг. Чунки сувда кишидан тер ажралмайди, бу эса буйракларга оғир келади.

Рақс
Спорт машғулотлари ҳамма аёлларга ҳам бирдек ёқавермайди. Қай бир аёл рақсга тушишни ёқтирмайди, дейсиз? Араб, лотин Америка рақслари, зумба, ёшлар орасида урф бўлган “брейк данс” – бу рақс турларининг барчаси калория эритиши билан биргаликда кишига аъло кайфият ҳам бахш этади ва шунингдек, унинг ҳаракатларига ўзгача латофат бахшида этади. Ҳафтада 3 маротаба 40 –80 дақиқадан шуғулланиш тавсия қилинади.

Фитнес
Спортнинг замонавий тури бўлиб, ҳар бир спорт клуби ўз мижозларига таклиф қилган машғулотлар турига киради. Фитнес – бир нечта спорт тури: аеробика, хореография, тайбо, степ, қоматнинг ҳар бир қисмига алоҳида машғулотларни ўз ичига олган. Ортиқча вазндан қутулиш истагида бўлган ёки қоматини доим бирдай бўлишини истовчиларга ҳам бирдай тўғри келади. Мураббий маслаҳатлари билан бирга олиб борилган машғулотлар натижасида тез фурсатда қоматингизни тиклаб оласиз.

Хавфсизлик техникаси
Сарлавҳани кўриб “спорт – сапёрликмидики, унда хавфсизлик техникаси бўлсин”, деган бўлсангиз адашасиз. Албатта спорт сапёрлик эмас, аммо унда ҳам хавфсизлик чоралари кўрилиши шарт. Машғулотдан сўнгра мушаклар оғриши табиий ҳол, аммо шуғулланиш давомида ўзингизни лоҳас ёки бирор жойингизда оғриқ ҳис қилсангиз буни дарҳол мураббийга билдиринг.

Қарши кўрсатмалар
Ҳар бир спорт турининг ўзига хос кўрсатмалари ва қаршиликлари бор. Аеробика ва шейпинг сколиоз, узоқни кўра олмаслик (оғир тури), юқори қон босими, баъзи бир юрак хасталиклари, остеохондроз каби касалликларда маън этилади. Қон томирлар варикозида эса степҳаеробика билан шуғулланиш таъқиқланади.

Оёқларингиз оғриса, юрак, қон томир касалликлари, ўпка хасталиклари, асаб тизими бузилишларида эса югуриш тавсия қилинмайди. Тери касалликлари, аллергия, ошқозон яраси, юрак ва кўз касалликлари билан оғриган беморлар сузиш билан шуғулланмаганлари маъқул.
Умуртқа поғонангизда муаммо бўлса ҳар қандай спорт турини танлашдан аввал албатта шифокор билан маслаҳатлашингиз зарур. Умуртқа поғонаси касалликларида спорт тури шифокор томонидан тавсия қилиниши ва тажрибали мураббий назорати остида олиб борилиши зарур. Акс ҳолда, фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.