Ниҳоят, ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва энг аниқ хабар 861 йил билан боғланади. Мавжуд маълумотларга кўра, у шу йили Қоҳира яқинидаги Равзо оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини белгиловчи ускунани ясаган ёки таъмирлаган. Бироқ ал-Фарғоний қандай қилиб ва қандай шароитда Мисрга бориб қолгани ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ.
Маълумки, ал-Маъмун Марвдан Бағдодга нафақат олимларни, балки ғуломлари бўлмиш турк аскарларини ҳам олиб келган эди. Бағдодга келиши билан у маълум маънода лашкарни турклаштирди: ана шу турк аскарларидан лашкарбошилар тайинлади. Турк ғуломларидан бири бухоролик Тўлунни халифа Сурия, Фаластин ва Мисрдаги лашкарларнинг амири этиб тайинлади. Унинг ўғли Аҳмад эса Сурия ва Мисрни мустақил деб эълон қилиб, Тўлунийлар сулоласига асос солди. Ал-Хоразмий халифа ал-Маъмуннинг яқин одами ва маслаҳатчиси бўлгани каби ал-Фарғоний ҳам Тўлуннинг яқин одами ёки унинг сарой аҳли доирасидаги кишилардан бири бўлганлиги тахмин қилинади. Бу ҳолда ал-Фарғонийнинг Мисрда пайдо бўлганидан ажабланмаса ҳам бўлади.
Ал-Фарғоний ҳаётининг муддати ҳақида ҳам қиёслар қилиш мумкин. Агар унинг ҳаётини ал-Хоразмийнинг ҳаёти билан қиёс қилсак, қуйидаги хулосага келамиз. Маълумки, ал-Хоразмийнинг номи ёзма манбаларда охирги марта 847 йили халифа ал-Восиқнинг ўлими муносабати билан эслатилади ва шундан сўнг учрамайди. Шунга кўра, унинг ўлган йили деб 850 йил қабул қилинган. Ал-Фарғонийнинг номи охирги марта 861 йили Нилнинг сатҳини ўлчагич ускунасини таъмирлаш муносабати билан эслатилади. Яна бир маълумотга кўра, ал-Фарғоний Мисрда насронийлар орасида яшаб, уларнинг динига ўтганлиги ва шунинг учун у қатл қилинганлиги қайд этилади. Лекин қатл қилинган йили эслатилмайди. Лекин бу «ал-Фарғоний» ўша машҳур астроном ал-Фарғонийми ё бошқасими — бу номаълум. Ҳар ҳолда ал-Фарғоний 861 йилдан кейин кўп яшамаган ва унинг ўлган (ёки қатл қилинган) йили деб 865 йилни қабул қилиш мумкин. Агар у ал-Маъмун билан 819 йили Марвдан Бағдодга кетаётганда 20—25 ёшлар чамасида бўлган десак, у ҳолда унинг туғилган йили деб 797 ёки 798 йилни қабул қилиш мумкин. У ҳолда унинг ҳаёт муддати 67—68 ёшни ташкил қилади. Демак, 1997 ёки 1998 йили унинг туғилганига 1200 йил тўлади.
Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлганлигига қарамай, ўрта асрларда Шарқда унинг номи машҳур бўлган. Ибн ан-Надим (X аср), Ибн ал-Қифтий (XII—XIII асрлар), Абул Фараж Бар Эбрей (XIII аср), Ҳожи Халифа (XVII аср) каби Шарқ фиҳристчилари уни ўз асарларида эслатадилар.
Ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» («Китоб ал-ҳаракат ас-самовийа ва жавомиъ илм ан-нужум») XII асрда Оврўпода лотин тилига икки марта ва XIII асрда бошқа Оврўпо тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи «Алфраганус» шаклида Ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Оврўпо университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади. Ал-Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, у энг қадимги нашр қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур Голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус ал-Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг, ал-Фарғоний ва унинг асарининг Оврўподаги шуҳрати янада ортди. Оврўпо Уйғониш даврининг буюк намояндаларидан бири бўлган машҳур олим Региомонтан XV асрда Австрия ва Италия университетларида астрономиядан маърузаларни ал-Фарғоний китобларидан ўқиган. Ал-Фарғоний номини Данте (XV аср) ва Шиллер (XVIII аср) ҳам эслаган. Оврўпо олимларидан Даламбр, Брокельман, X. Зутер, И. Ю. Крачковский, А. П. Юшкевич ва Б. А. Розенфельдлар ал-Фарғонийнинг ижодини юқори баҳолаганлар.
т.ф.д. А. Аҳмедов