Бугундан бошлаб сайтимизда “Маънавият юлдузлари” рукни остида ўтган аждодларимиз хақида маълумотлар бериб борамиз.
Биринчи қисм
Буюк математик, астроном ва географ Муҳаммад ал-Хоразмий VIII асрнинг охири ва IX асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этди. Бу даврда Марказий Осиё араб халифалиги таркибига кирар эди.
Ривожланиб келаётган мавжуд тузум тақозо қилган ижтимоий-иқтисодий талаблар бу даврдаги тараққиёт жараёнининг асосий омилларидан бири бўлди. Қурилиш, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларни янада тараққий эттириш учун астрономия, геодезия, геометрия каби фанларни ривожлантириш зарурияти туғилди. Уша даврнинг илғор олимлари бу фанларнинг амалий аҳамияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий эса шу олимларнинг пешқадами ва йўлбошчиси эди.
Хоразмий дунё фанига ғоят катта ҳисса қўшди. У алгебра фанининг асосчиси бўлди. «Алгебра» сўзининг ўзи эса унинг «Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» номли рисоласидан олинган. Унинг арифметика рисоласи ҳинд рақамларига асосланган бўлиб, ҳозирги кунда биз фойдаланадиган ўнлик позицион ҳисоблаш системаси ва шу системадаги амалларнинг Оврўпода тарқалишига сабаб бўлди. Олимнинг «ал-Хоразмий» номи эса «алгоритм» шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг географияга доир асари эса араб тилида ўнлаб географик асарларнинг яратилишига замин яратди. Хоразмийнинг «Зиж»и Оврўпода ҳам, Шарқ мамлакатларида ҳам астрономиянинг ривожланиш йўлини кўрсатиб берди. Лекин афсуски, фаннинг бир неча тармокларига асос солган, «ўз даврининг энг буюк математиги ва агар барча шарт-шароитлар назарга олинса, ҳамма даврларнинг ҳам энг буюкларидан бири» (Ж. Сартон) бўлган бундай сиймонинг ҳаёти ҳақида маълумотлар деярли сақланмаган.
Хоразмий Хоразм ўлкасида туғилиб, ўсди. Адабиётларда 783 йил унинг туғилган йили деб қабул этилган. У дастлабки маълумот ва турли соҳадаги билимларни асосан ўз юртида, Марказий Осиё шаҳарларида кўпгина устозлардан олган, деб билмоқ мумкин.
Манбаларда Хоразмийнинг исмига яна ал-Мажусий ва ал-Қутруббулий деган атамалар ҳам қўшиб айтилади. Буларнинг биринчиси олим Хоразмнинг асли маҳаллий аҳолисидан, яъни оташпарастлар (арабча — «мажус» — оташпараст дегани) оиласидан, балки шу оташпарастлик динининг коҳинлари оиласидан келиб чиққанлигини, шу билан бирга олимнинг ўзи ёки отаси мажусий бўлиб, улар исломни кейин қабул қилганлигини кўрсатади. Хоразмда мажусийлар исломдан кейин ҳам узоқ муддат ўз диний урф-одатларини сақлаб келган. Бу ҳақда Беруний ўзининг «Осори боқия» асарида гувоҳлик беради. Келтирилган исмларнинг иккинчиси, Хоразмий мўйсафидлик йилларини Бағдод якинида Дажла бўйидаги ал-Қутруббул даҳасида ўтказганлигини кўрсатади. Одатда араблар бирор кишининг характерли хусусиятлари, ҳунарлари, севимли одатлари ёки яшаш жойларига қараб, унга бир неча хил исм — «нисбалар» берадилар. Хоразмийнинг ал-Қутруббулий исми ҳам шу тариқа пайдо бўлган.
Хоразм жуда қадимги маданиятга эга бўлиб, унинг қишлоқ хўжалиги суғорма деҳқончиликка асосланар, бу ўз навбатида, астроно-мия ва хронологиянинг ривожланган ҳисоблаш усулларининг мав-жуд бўлишини тақозо этар эди. Ҳақиқатан ҳам, қадимги Хоразмда астрономия жуда ривожланган, хоразмликлар осмон «сирлари»ни арабларга қараганда анча яхши билганлар. Археологик қазишмалар Хоразмда қадимда исломдан бир неча аср аввал ҳам расадхоналар бўлганлиги ва у ерда муттасил астрономик кузатишлар олиб борилганлигидан гувоҳлик беради. Хоразмийнинг бизгача етиб келган асарларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, у юнон, ҳинд ва эрон астрономияси ва математикасини яхши билган.
Маълумки, ал-Маъмун 809 йилдан Марвда дастлаб халифа Хорун ар-Рашиднинг ноиби, сўнг 813 йилдан бошлаб халифа бўлади ва 819 йили Бағдодга кўчади. Ал-Маъмун Марвда бўлганида Хоразмийни, мувароуннаҳрлик ва хуросонлик бошқа олимларни ўз саройига жалб қилган.
Халифа ал-Маъмун даврида Бағдодда Марказий Осиё ва Хуросондан келган бир гуруҳ йирик олимлар ижод этган. Улар орасида Хоразмий билан бир қаторда Марвдан Яҳё ибн Абу Мансур, ал-Фарғоний, Ҳабаш ал-Марвазий, Холид ибн Абдумалик ал-Марваррудий, Форобдан Абул Аббос ал-Жавҳарий ва бошқа олимлар бор эди.
Бағдодда ал-Маъмун отаси томонидан асос солинган илмий марказ — «Байт ул-ҳикма» фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириб, унга йирик давлат муассасаси тусини бериб, аввалига таржимонлик фаолиятини кенг кўламда ривожлантирди. Византия, Ҳиндистондан кўплаб китоблар келтирилиб, «Байт ул-ҳикма»нинг фаолият доираси бирмунча кенгайтирилади, унинг қошида иккита йирик расадхона: биринчиси 828 йилда Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласида, иккинчиси Дамашқ яқинидаги Касиюн тоғида 831 йилда барпо этилади. Иккала расадхонанинг ҳам фаолиятини Марказий Осиё ва Хуросондан келган олимлар бошқаради. Хоразмий бу илмий марказнинг мудири сифатида унинг фаолиятини кузатиб туради.
Хоразмий даврида «Байт ул-ҳикма»да ишлаган йирик таржимонлар орасида Ҳажжож ибн Юсуф ибн Матар, Абу Закариё Юҳанно ибн ал-Битриқ, Ҳунайн ибн Исҳоқ ва Кусто ибн Луқо ал-Баъалбаккийлар бор эди. Бағдодга келган Марказий осиёлик олимлар орасида машҳур астроном Аҳмад ибн Касир ал-Фарғоний (вафоти 816 йил)нинг номини эслатиш лозим. Марвлик Яҳё ибн Абу Мансур Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласидаги расадхонанинг асосчиси ва раҳбари бўлди. Расадхонадаги ишлар ҳақида у «Байт ул-ҳикма»нинг мудири Хоразмийга ҳисобот бериб турарди. Яҳё 831 йили вафот этганидан сўнг Хоразмий бу расадхонани ҳам бошқаради ва у ердаги кузатишларда фаол қатнашади. Яҳёнинг қаламига мансуб «Зиж ал-мумтаҳан» («Синалган зиж») номли астрономик асари маълум. Дамашқ яқинида Касиюн тоғидаги расадхонани Холид ибн Абдумалик ал-Марваррудий бошқаради. У ҳам ўз «Зиж»ини тузади. Холид Ер меридианининг узунлигини ўлчаш ишларига бошчилик қилади.
Марвлик машҳур астроном ва математик Ҳабаш ал-Ҳосиб («Ҳисобчи ҳабаш») лақаби билан маълум бўлган Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий ҳам Бағдодда Хоразмий билан ҳамкорликда ишлаган. У иккита «зиж» тузган бўлиб, булар Ўрта аср астрономлари томонидан кенг фойдаланилган. Тадқиқотчиларнинг кўрсатишича, у тангенс ва котангенс, косеканс фунцияларини киритиб, уларнинг жадвалларини ҳам келтирган.
Хоразмий билан Бағдодца, кейинчалик «Маъмун академияси» деб танилган «Байт ул-ҳикма»да ижод этган олимларнинг барчасини ҳам Марказий осиёлик ёки хуросонлик дейиш хато бўларди. У ерда Сурия, Ироқ, Эрон ва халифаликнинг бошқа ерларидан келган олимлар ҳам ишлаган. Бироқ улар орасида Марказий осиёликлар салмоқли ўринни эгаллаган. Хоразмий ана шундай илмий муҳитда яшаб ижод қилди ва 850 йилда Бағдодда вафот этди.
т.ф.д. А. Аҳмедов