Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари. Мусо ал-Хоразмий (4-қисм)

By 27.04.2020No Comments

Хоразмий «Зиж»ининг Оврўпо фанига таъсири X. Зутер, К. А. Наллино ва И. Ю. Крачковскийлар томонидан яхши ўрганилган. Тадқиқотчилар яқдиллик билан таъкидлашича, Хоразмийнинг бу асари унинг арифметик ва алгебраик рисолалари каби бундай асарларга эҳтиёж туғилган пайтда юзага келади ва бу асари билан олим астрономик асарлар ёзилиш услубини стандартлаштирди, бу стандарт эса то Улуғбек «Зиж»игача ўз кучини сақлади.

Хоразмий ўз «Зиж»ида бошланғич меридиан сифатида, ҳинд анъанасига кўра, Арин (ҳозирги Ҳиндистондаги Ужайн) шаҳридан ўтган меридианни танлаган, Оврўпода XIII асрда Рожер Бекон ва Буюк Алберт ҳам Арин меридиани ғоясининг тарафдорлари бўлганлар. Арин ғоясига кўра, Айялик Петр (Франциядан) 1410 йили ўзининг «Ер тасвири» номли асарини ёзди. Бу асарнинг 1487 йили чоп этилган бир нусхасидан Христофор Колумб фойдаланган. Колумбнинг ўзига тегишли нусха ҳошиясига ёзган эслатмаларига кўра, Арин ғояси унда Ернинг ноксимон эканлиги ва ернинг Аринга диаметрал қарама-қарши тарафида Аринга ўхшаш жой бўлиши кераклиги ҳақида тасаввур ҳосил қилган.

Шундай қилиб, Хоразмийнинг «Зиж»и география соҳасидаги буюк кашфиётларга ҳам алоқадор бўлди. Хоразмий географик асарининг ёзилган йили аниқ маълум эмас. Академик В. В. Бартольд бу асар 836—847 йиллар орасида ёзилганлигини аниқлаган.

Асар 1037 йили кўчирилган ягона арабча нусхасида бизгача етиб келган бўлиб, бу нусха Страсбург университети кутубхонасида сақланади.

Китобда шаҳарлар, тоғлар, денгизлар, ороллар ва дарёлардаги 2402 та географик жойнинг координатлари келтирилади. Шаҳарлар, дарёлар, тоғлар, ороллар ва бошқа объектлар иқлимлар бўйича тақсимланган. Иқлим сўзи аслида юнонча клима — «оғиш» сўзидан келиб чиққан бўлиб, уни фанга Гиппарх (эрамиздан олдинги II аср) киритган. Гиппарх Ернинг одамлар яшайдиган қисмини 12 та иқлимга ажратган. Ундан сўнг Птолемей иқлимларнинг сонини 8 тагача камайтиради, лекин ўз «География»сида у иқлимлар назариясига тўла риоя қилмайди, чунки географик жойларни минтақалар ва епархиялар бўйича тақсимлайди.

Географияни иқлимлар назариясига тўла риоя этган ҳолда биринчи марта Хоразмий баён қилади. У ернинг маъмур, яъни инсонлар яшайдиган обод қисмини етти иқлимга ажратади. Хоразмий қадимги юнон олими Птолемейдан фарқли ўлароқ, минтақалар, мамлакатлар ва улардаги географик жойларни эмас, балки 1-иқлимдан то 7-иқлимгача жойлашган жойларни тавсиф этади.

Хоразмийнинг географик рисоласи ўрта асрлардаги энг биринчи географик асар эди. Шунинг учун унинг иқлимлар назарияси кейинги даврларда географиянинг ривожланишида катта аҳамият касб этди. Хусусан, унинг иқлимлар назарияси Ернинг маъмур қисмини иқлим минтақалари бўйича ўрганишни осонлаштирди.

Хоразмий ҳам Птолемей каби узунликларни Капар оролларидан бошлаб ҳисоблайди. Хоразмий экватордан жанубда 8 шаҳар, 1-иқлимда 64-шаҳар, 2-иқлимда 54 шаҳар, 3-иқлимда 59 шаҳар 4-иқлимда 146 шаҳар, 5-иқлимда 79 шаҳар, 6-иқлимда 63 шаҳар, 7-иқлимда 25 шаҳар ва 7-иқлимдан шимолда 40 шаҳарнинг координатларини келтиради.

Рисоланинг иккинчи бобида иқлимлардаги тоғлар тавсифланади. Тоғларнинг боши ва охирининг координатлари келтирилади. Хоразмий Яқин ва Ўрта Шарқдаги ҳамда Кавказ ва Марказий Осиёдаги тоғларни ҳам у ерлардаги шаҳарлар каби батафсил баён қилади. Шунга қараганда олим у ерларнинг географияси билан шахсан таниш бўлган кўринади.

Рисоланинг учинчи бобида Хоразмий денгизларни, тўртинчи бобида оролларнинг қирғоқ чизиқлари ва улардаги пунктларни, бешинчи бобда эса мамлакатларни, олтинчи бобида эса дарёлар ва булоқларни тавсифлайди.

Хоразмийнинг «Китоб сурат-ул-арз» асари кўп олимлар томонидан ўрганилган. Лекин асар шу пайтгача тўла равишда бирорта ҳозирги замон тилига таржима қилинмаган. 1983 йили олимнинг 1200 йиллик юбилейи муносабати билан бизда бу асарнинг ўзбекча таржимаси Хоразмийнинг «Танланган асарлар»и таркибида чоп этилди.

Хоразмийнинг юқорида келтирилган асарлариёқ у фаннинг қатор тармоқларининг асосчиси бўлганлигини кўрсатади. Унинг ғоялари математика ва астрономиянинг оёққа туриши ва ривожланишига сабаб бўлди. Ҳозирги даврда унинг хизматлари жаҳон афкор омма-си томонидан эътироф этилган.

Хоразмий асарлари дунёнинг турли кутубхоналарида сақланади. Турли ғарб ва шарқ тилларига таржима этилган. У ўз асарлари, ихтиролари билан нафақат ўз ватанини, балки араб халифалигининг илмий ютуғи, ўз даври маданиятининг юксак натижаларини бутун дунё ва барча асрларга машҳур этди. Ҳозирда унинг номига турли мамлакатларда (Эрон, Туркманистон, Ўзбекистон ва бошқалар) мукофот ва медаллар таъсис этилган, кўча, муассасаларга номлари қўйилган.

т.ф.д. А. Аҳмедов