Хоразмий қаламига мансуб 20 дан ортиқ асарларнинг фақат 10 таси бизгача етиб келган. Булар «Алжабр ва ал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб» — алгебраик асар, «Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб» ёки «Қўшиш ва айриш ҳақида китоб» — арифметик асар, «Китоб сурат-ул-арз»— географияга оид асар. «Зиж», «Астурлоб билан ишлаш ҳақида китоб», «Астурлоб ясаш ҳақида китоб», «Астурлоб ёрдамида азимутни аниқлаш ҳақида», «Китоб ар-руҳома», «Китоб ат-таърих», «Яҳудийларнинг тақвими ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола». Бу асарларнинг тўрттаси араб тилида, биттаси Фарғонийнинг асари таркибида, иккитаси лотинча таржимада сакланган ва қолган учтаси ҳали топилган эмас.
Хоразмийнинг арифметик рисоласи қачон ёзилгани номаълум. Бироқ унда олим алгебраик рисоласини эслайди. Демак, бундан Хоразмий арифметик рисолани алгебраик рисоладан кейин ёзгани маълум бўлади. Бу рисола XII асрда Испанияда лотин тилига таржима қилинган. Таржиманинг XIV асрда кўчирилган ягона қўлёзмаси Кембриж университети кутубхонасида сақланади. Рисола «Диксит Алгоризми», яъни «Ал-Хоразмий айтди» ибораси билан бошланади. Бундан кейин Хоразмий тўққизта ҳинд рақамининг сонларни ифодалашдаги афзалликлари ва улар ёрдамида ҳар қандай сонни ҳам қисқа қилиб ва осонлик билан ёзиш мумкинлигини айтади. Асарнинг лотинча қўлёзмасида ҳинд рақамлари кўпинча ёзилмай, уларнинг ўрни бўш қолдирилган ёки аҳён-аҳёнда 1, 2, 3, 5 сонларга мос келадиган ҳинд рақамлари ёзилган. Кўпинча эса ҳинд рақамлари ўша даврда Оврўпода кенг тарқалган рим рақамлари билан алмаштирилган.
Хоразмий ҳинд рақамлари асосида ўнлик позицион системада сонларнинг ёзилишини батафсил баён қилади. У сонларнинг бундай ёзилишидаги қулайликлар, айниқса, нол ишлатилишининг аҳамиятини алоҳида таъкидлайди. Кейин Хоразмий арифметик амалларни баён қилишга ўтади. Бунда Хоразмий сонларнинг мартабаларини, яъни разрядларини эътиборга олишни ҳамда нолни ёзишни унутмасликни уқтиради, акс ҳолда натижа хато чиқади, дейди у.
Рисоланинг бошланишида Хоразмий ундаги масалалар ўз даврининг амалий талабларига жавоб сифатида вужудга келганлигини қайд қилади.
У шундай дейди: «…Мен арифметиканинг оддий ва мураккаб масалаларини ўз ичига олувчи «Алжабр ва ал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб»ни таълиф қилдим, чунки мерос тақсим қилишда, васиятнома тузишда, мол тақсимлашда ва адлия ишларида, савдода ва ҳар қандай битимларда ва шунингдек, ер ўлчаш, каналлар ўтказишда, (амалий) геометрия ва бошқа шунга ўхшаш турлича ишларда кишилар учун бу зарурдир».
Рисоланинг Кембриж университети кутубхонасида сақланаётган лотинча кўлёзмасининг матнини 1857 йили Б. Бонкомпаньи нашр этган. Мазкур қўлёзманинг фоторепродукциясини тарихчи А П. Юшкевич ҳам нашр этган. Ундан ташқари, А. П. Юшкевич ўз рисоласида Хоразмий рисоласига алоҳида параграф бағишлаган. Б. Бонкомпаньининг нашри асосида Ю. X. Копелевич ва Б. А Розенфелдлар рисоланинг русча таржимасини нашр этишган. Хоразмийнинг 1200 йиллик юбилейи муносабати билан 1983 йили бу асарнинг қайта нашри ва ўзбекча таржимаси чоп этилди.
Хоразмийнинг арифметик рисоласи XII асрдаёқ Испанияда севилиялик Иоанн томонидан қайта ишланган. Кейинчалик то янги давргача Оврўпо олимлари Хоразмий рисоласини қайта-қайта ишлаганлар, у асосида дарсликлар ёзганлар. Бу қайта ишланган нусхалар ва дарсликларнинг номида «Алгоризм китоби» деган ибора бўлган.
т.ф.д. А. Аҳмедов