Skip to main content
Yangiliklar

Маънавият юлдузлари. Аҳмад ал-Фарғоний (797-865)

By 28.04.2020No Comments

Ўрта асрларда яшаган Марказий осиёлик олимлар орасида буюк астроном, математик ва географ ал-Фарғоний салмокди ўрин эгаллайди.

Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир. Манбаларда унинг фарғоналик эканлигидан ташқари деярли бошқа маълумотлар сақланмаган. Лекин шуни ҳам эътиборга олиш керакки, ўрта асрларда мусулмон ўлкаларида бўлган анъанага биноан, мамлакат пойтахти ёки марказини ҳам мамлакат номи билан аташган. Масалан, 995 йилгача Хоразмнинг пойтахти бўлган Котни, кейинги пойтахти Гурганжни ҳам Хоразм дейишган. Баъзи араб мамлакатларида бу одат ҳозир ҳам сақланиб қолган. Мисрнинг пойтахти Қоҳирани — Миср, Шом (Сурия)нинг пойтахти Дамашқни — Шом дейилиши шундан. Ана шу одатга кўра, ўрта асрлардаги Фарғона водийсининг марказий шаҳри Ахсикатни ҳам Фарғона дейишган. Ал-Фарғоний Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган. Шуниси маълумки, ал-Фарғоний халифа Хорун ар-Рашиднинг шарқий ерларидаги муовини, ўғли Абдуллоҳнинг (бўлажак халифа ал-Маъмуннинг) Марвдаги олимлари доирасига кирган. Эҳтимол, Абдуллоҳ ёшлигидан билимга чанқоқ бўлгани учундир, 806 йили Марвга нойиб бўлиб тайинланганида, Мовароуннаҳр, Хуросон, Хоразмдан олимларни ва истеъдодли ёшларни тўплай бошлаган. Бу олимларнинг асосий қисми Абдуллоҳ у ерга келганидан аввалроқ тўпланган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас, чунки Марв аввалдан, Сосонийлар давриданоқ йирик илмий марказ ҳисобланган. 651 йили энг сўнгги Сосоний шаҳаншоҳ Яздигард ибн Шаҳриёр араблар таъқибидан қочиб бу ерга келганида пойтахтдаги кутубхона китобларини ҳам олиб келганлиги маълум. Марв араблар қўл остида ҳам ўз мавқеини йўқотмади, аксинча то мўғул истилосигача ўсаборди. Шунга кўра, унинг IX аср бошида халифаликнинг йирик илмий ва маданий маркази бўлганлиги табиийдир.

Халифа Хорун ар-Рашид 809 йили Тусда тўсатдан вафот этади ва унинг васиятига кўра Бағдодда тахтга катта ўғли — Муҳаммад ал-Амин номи билан ўтиради. Саройдаги хуросонлик аъёнлар эса Абдуллоҳни тахтни қўлга олишга даъват этадилар. 811 йилдан 813 йилгача ака-ука Муҳаммад ва Абдуллоҳ ўртасида тахт учун олиб борилган кураш Абдуллоҳнинг ғалабаси билан тугайди ва Муҳаммад қатл қилинади. Ўша йили Абдуллоҳ тахтга ал-Маъмун номи билан ўтиради. Лекин у Бағдодга бормай 819 йилга қадар Марвда яшайди. Натижада, Марв 813 йилдан то 819 йилгача халифаликнинг вақтинча пойтахти бўлиб туради. 819 йили ал-Маъмун бутун сарой аъёнлари ва уламолари билан бирга Бағдодга кўчади. Улар орасида ал-Фарғоний ҳам бор эди. Шундай бўлса ҳам ал-Маъмун қўл остида у тузган илмий марказ «Байт ул-ҳикма»да ишлаган олимлар орасида ал-Фарғонийнинг номи эслатилмайди. Бунинг сабаби, бизнингча, шундай бўлиши мумкин: у даврда халифаликда иккита расадхона фаолият олиб борарди, бири Бағдоднинг аш-Шаммосия маҳалласида ва иккинчиси Дамашқ яқинидаги Касиюн тепалигида эди. Бу расадхоналарнинг ҳар бирида «Байт ул-ҳикма» олимларининг иккита доимий гуруҳлари ишлар эди. Ана шу олимларнинг ўзи расадхоналари ҳожатидан келиб чиқиб, илмий экспедициялар уюштирардилар ва умумий раҳбарлик Бағдоддан туриб бошқариларди. Балки ал-Фарғоний Дамашқдаги олимлар гуруҳида бўлиши, ал-Маъмун уни Бағдодга келиши биланоқ у ерга юборган бўлиши мумкин. Абу Райҳон Берунийнинг бир хабари шундай тахминга асос бўлади. Унинг айтишига кўра, Бағдод расадхонасининг ишида Яҳё ибн Абу Мансур, ал-Хоразмий ва бошқа олимлар, Дамашқ расадхонасида эса Холид ибн Абдумалик ва ал-Фарғоний билан бирга иккинчи гуруҳ олимлар ишлаганлар У шунингдек, ал-Фарғонийнинг Сурия шимолида, Синжор саҳросида 832—833 йиллар Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда иштирок этганини ҳам айтган.

т.ф.д. А. Аҳмедов