Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Ҳусниддин Ходжамқулов: “Карантин вақтида вилоятлар билан масофадан туриб алоқада бўлиб турибмиз”

By 13.04.2020No Comments

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси вилоят федерациялари билан ишлаш бўйича мутахассис Ҳусниддин Ходжамқулов билан суҳбатлашдик.

– Таэквондо спорт турига кириб келиш тарихи қандай бўлган?
– 1984 йил Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида туғилганман. 7 ёшимдан таэквондо спорт тури билан шуғулланишни бошлаганман. Биринчи мураббийларим Умматқул ака Жўраев ва Бобур ака Қўзиев бўлишган. Кёруги бўйича уч марта ва Пумсе бўйича тўрт марта Ўзбекистон чемпиони бўлганман.

– Қачондан мураббийлик фаолиятини бошлагансиз? Энг машҳур шогирдларингиз ҳақида гапириб беринг.
– 2004 йил мураббийликни бошлаганман. Ўша йилдан ҳам спортчи, ҳам мураббий бўлиб ишлай бошлаганман. Ҳозирга қадар кўплаб таэквондочиларга мураббийлик қилганман. Абобакиров Беҳзод, Олимжонов Камрон, Аҳмаджонов Дониёр, Соаталиев Абдулазиз ва Аҳмедов Саидорифхонлар бир неча бор мамлакатимиз чемпионлари бўлишган.

– Ҳозирги лавозимда қачондан буён ишлаб келаяпсиз?
– 2018 йилдан буён Ўзбекистон таэквондо ассоциацияси вилоят федерациялари билан ишлаш бўйича мутахассис лавозимида ишлаб келаяпман.

– Вилоятларда таэквондо ривожланиш даражаси қандай тарзда кетмоқда?
– Тошкент шаҳри бу борада сўзсиз биринчи ўринда. Тошкент вилояти, Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида бугунги кунда 2000га яқин таэквондочилар шуғулланиб келишмоқда. Фарғонада ривожланиш олдинроқ анча яхши эди, 2016-2017 йилларда натижалар жуда пасайиб кетганди. 2018 йилдан бошлаб фарғоналик спортчилар мусобақаларда умумжамоа ҳисобида яхши натижалар қайд этишмоқда.

– Сўнгги йилларда қайси вилоятдан кўпроқ кучли таэквондочилар етишиб чиқмоқда?
– Тошкент, Наманган, Жиззах ва Сурхондарё вилояти таэквондочилари сўнгги йилларда жуда яхши натижалар қайд этишмоқда ва халқаро мусобақаларга ҳам кўп спортчиларни юборишмоқда.

– Карантин вақтида иш қандай давом этмоқда?
– Жуда ўринли савол бердингиз. Карантин вақтида барчамиз уйдамиз ва вилоятлар билан масофадан туриб алоқада бўлиб турибмиз. Ҳар куни вилоят федерациялари раҳбарлари билан мулоқот қилаяпмиз. Мураббийлар спортчиларга масофадан туриб кўрсатмалар беришмоқда ва видеога олинган машғулотларни кузатиб боришмоқда. Бир сўз билан айтганда карантин бўлишига қарамай машғулотлар тўхтагани йўқ.

 

Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати