Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Дмитрий Шокин 2015 йилги Жаҳон чемпионатини қандай ёдга олади?

By 11.04.2020No Comments

Бугунги кун Дмитрий Шокиннинг 2015 йилги Жаҳон чемпионатидаги ғалабасига бағишланди. Дастлаб ҳамюртимизнинг ғалабали финалининг видеоси, сўнгра фотогалереяси тақдим этилди. Энди Дмитрий Шокиннинг ўша мусобақа ва финал баҳси хотираларини эътиборингизга тақдим этамиз.

“Ўша кунни жуда яхши эслайман. Чорак финалда ғалаба қозониб бронза медални нақд қилгандим. 18 май куни ярим финалда кубалик кучли рақибга қарши жанг қилгандим. Олтин очко туфайли финалга чиққандим.

Финал эса жуда оғир ўтганди. Африкалик рақиб жуда кучли, зарба техникаси, ностандарт ҳаракатлари бор эди. Финал жуда ҳам кўп мунозараларга бой бўлганди. Жанг охирида ҳисоб 10:10 бўлиб турганида мендан очко олиб ташлашганди. Бироқ мураббийимиз Александр Анатольевич карточка кўтариб раддия билдирганди. Ҳакамлар такрорий лавҳаларни кўриб чиқиб, қўлим билан зарба бераётганда унинг оёғидан ушламаганим кўришади ва очко яна қайтарилади. Шу тариқа 10:10 ҳисобида асосий вақт тугайди. Ортга йўл йўқ эди, йўқотадиган ҳеч нима йўқ эди. Қўшимча вақтда олтин очкога эга чиқиб Жаҳон чемпиони бўлгандим.

Ўша ғалабада кўпчиликнинг хиссаси бор. Бир неча йиллар давомида бирга ишлаган мураббийлар, шахсий мураббийим Фахриддин Умаров, терма жамоа мураббийи Александр Анатольевич ва бошқа мураббийларнинг хиссаси катта. Бу медальни олиш учун жуда кўп меҳнат қилгандик. Ўша кунга қадар Ўзбекистон таэквондочилари Жаҳон чемпионатида олтин медальни қўлга киритишмаганди. Юртимизга мана шу медальни келтирганимдан жуда ҳам қувонганман. Финалдаги ғалабадан сўнг залдаги барча ўзбекистонлик спортчилар бирга байрам қилишганди.

Жаҳон чемпионати шохсупасининг энг юқорисида туриб, олтин медаль билан юртимиз мадҳиясини баралла айтиш бу жуда ҳам қадрли онлар. Барчага мана шу ҳисларни бир марта бўлса ҳам туюшларини тилаб қоламан.

2021 йилги Олимпиадада ўзбекистонлик таэквондочиларга омад тилайман. Худо хоҳласа дастлабки Олимпиада медали қўлга киритилади ва у ягона бўлмайди деб ишонаман”, – дейди 2015 йилги Жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин.

 

??? Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати