Skip to main content
Yangiliklar

Болангизга таъқиқ қўйманг! (1-қисм)

By 27.04.2020No Comments

Инсон тақдири аввалдан белгилаб қўйилганми ёки танлов ҳуқуқимиз борми? Психологик нуқтаи назардан ёндашилса, тақдирнинг ёзилгани бор гап. Баъзан эса киши ўз тақдиридан “узоқлашади”. Сабаби, оилавий муҳит, тарбия, ҳаётий кўникмалар, одатлар, ён-атрофдагилар унга таъсир кўрсатади.Ота-онанинг болани ҳақоратлаши, унга турли тақиқлар қўйиши, қарғаши, ишонч билдирмаслиги ҳам келажакда уни ўз тақдиридан йироқлаштирар экан. Наҳот, ота-онанинг беихтиёр айтган сўзлари бола тақдирини ўзгартира олса, дейсизми? Ҳа, шундай…Мутахассис – Лайло НОДИРОВА, психолог.

Ҳаётий қувват «кесилиши» мумкин
Дейлик, фарзандингиз шўх, шу билан бирга қайсар, ўз билганидан қолмайдиган бола. Уни тартибга чақирасиз, тергайсиз, тўполон қилса, жазолайсиз ва турли сўзлар билан қўрқитишга уринасиз. Мисол учун, мана бундай: «Айтганимни қилмасанг, ўлдираман!», «Яна бир марта шундай қилсанг, ўзингдан кўр, туғилганингга пушаймон қиламан!».

Тўғри, ҳеч бир она фарзандига ёмонлик тиламайди. Фақат шуниси ҳам ҳақиқатки, беихтиёр айтиб юборилган сўзлар боланинг онг остида «сен яшамаслигинг керак, мавжуд бўлма» маъносидаги тақиқни келтириб чиқаради. Биласиз, бу сўзлар мия учун ахборотдир. Ва бу ахборот ниҳоятда катта кучга эга. Агар салбий характерда бўлса, фикрни чалғитади. Бола балоғат ёшига етганида турли муаммолар келиб чиқишига замин ҳозирлайди.

Ёдда тутинг, болани ҳақорат қилиш, қарғиш сўзларни айтиш унинг учун руҳий «тепки»дир. Трансакцион таҳлилда шундай дейилади: «Бола ота-онасидан қанчалик кўп рағбат эшитса, у келажакда шу қадар кам қоқилади. Аксинча, кўп негатив фикрлар билан улғайганлар кўпйиқилади, адашади».

«Ўйнама, югурма, шовқин кўтарма!»
Болалар ҳам худди катталардек ҳис-туйғуларини ифода этишни исташади. Кўп ҳолларда бу хархаша қилиш, югуриб (сакраб)ўйнаш, ака ё ука билан ўйинчоқ талашиш, бирор нимадан норози бўлиш тарзида намоён бўлади. Бундай пайтда сиз қандай йўл тутасиз? Ишончимиз комилки, тартибга чақирасиз, уришасиз.

Дейлик, бола кўчада ўйнаётиб йиқилиб тушди. Унинг тиззаси шилинди, қонаяпти. Йиғлаганидан юрагингиз ачишса-да, сир бой бермай, уни тергашга тушасиз: «Неча марта айтдим, ўша болалар билан ўйнама, деб, мана, нима бўлди! Айб ўзингда! Йиғлаганингни эшитмай, ичингга ют!»
Бола шу ондаёқ ҳиссиётларини «босиш»га уринади. Чунки дўқингиздан қаттиқ қўрқŗан. Бунинг ёмон томони шундаки, болангизни кейинчаликруҳий-эмоционал ҳолат ўзгаришлари азоблай бошлайди. Негаки, у вақтида ички кечинмаларини ташқарига чиқара олмаган. Фарзандингиз қай бир ҳолатда бўлмасин, унинг ҳис-туйғуларини «бўғманг».

«Сен ҳали кичкинасан»
Қизалоқлар онасининг лаб бўёғи, кийим ва тақинчоқлари, пардоз воситаларига жуда қизиқишади. Айрим ота-оналар наздида бу яхши эмас, болага янада қаттиқроқ туриш керак.
Она қизалоғини уришади: «Нега помадамга тегдинг?» ёки «Ёш болага қиммат кўйлак кийишни ким қўйибди?» дея. Бола эса нима учун дакки эшитаётганини англолмайди. Тақиқ сабаби тушунтирилмаса, у қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида тўғри ахборот берилмаса, болада жавобсиз саволлар кўпайиб боради. Зотан, «Сен ҳали кичкинасан», дейиш қониқарли изоҳ эмас.
Айниқса, ўғил бола тарбиясида ушбу ибора имкон қадар ишлатилмагани маъқул. Сабаби, у ўғил боладаги фаоллик, ижобий фикрлаш қобилиятини йўқ қилади. Бола эркин ҳаракат қилишдан, мустақил фикрлашдан чўчиб қолади. Янгилик қила олмайди. Ўзига ишончи паст бўлиб улғаяди.

«Ютган бўлсанг, ютибсан-да…»
Ҳаётимизда учрайдиган ҳолатлардан бири:болакай шахмат бўйича шаҳар биринчилиги босқичида ғалаба қозонди. Хурсандчилигини яқинлари билан бўлишишни истаб, ота-онасига қўнғироқ қилади: «Ойижон, мен ютдим!» Онанинг жавоби: «Хурсандман ўғлим. Уйда гаплашайлик, ишим жуда кўп». Кейин эса бола отасига сим қоқади: «Дадажон мени табрикланг, республика босқичига чиқдим!» Ота: «Мен сени ёшингда ҳар ойда биттадан соврин олардим.

Энди битта олдинг, шунга шунчами?»
Муваффақият ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Ирода кучи, сабр-қаноат, интилувчанлик билан эришилади унга. Агар ота-она фарзандининг муваффақиятини мунтазам равишда холис баҳолай олмаса, бу болада икки хил ҳиссиётни шакллантиради. Биринчиси, болада ишончсизлик пайдо бўлади. Кейинчалик у биргина ғалаба билан кифояланиши ҳам мумкин. Қай бир ишнинг бошини тутмасин, омадли якун топишига шубҳа билан қарайди. Иккинчиси, бола ўз олдига қўйган мақсад сари интилади, аммо уни ғалабага эришиш иштиёқи эмас, балки аламзадалик бошқаради. У фақат нималарга қодир эканини кўрсатиб қўйиш учунгина ҳаракат қилади.

давоми бор…

Самира УЛУҒБЕКОВА ёзиб олди