Skip to main content
Yangiliklar

Балконда марафон

By 03.04.2020No Comments

2020 йил 15 мартда 1978 йилдан бери ўтказилиб келинаётган, жуда машҳур, ҳар йили 15 мингга яқин спортчи иштирок этадиган 42-Барселона марафони бўлиб ўтиши керак эди. Аммо COVID-19 коронавирус пандемияси сабабли у 2020 йил 20 октябрга қолдирилди.

Франциялик спортчи, 36 та марафон иштирокчиси Элиша Ночомовиц ҳам ушбу мусобақада иштирок этишга тайёргарлик кўраётган эди. Бироқ жаҳондаги жуда кўп давлатларда бўлгани каби Францияда ҳам коронавирус пандемияси кучайиб кетганлиги сабабли мамлпакатда ниҳоятда жиддий эҳтиёткорлик чоралари жорий этилган, одамларнинг ўз уйларида бўлишлари тавсия этилган эди.

Элиша Ночомовиц ана шундай вазиятда ҳам спорт билан шуғулланса бўлиши мумкинлигини исботлашга аҳд қилди. У ўзининг Тулуза яқинидаги Бальме шаҳарчасидаги квартирасининг 7 метр узунликдаги балконида 6 соат 48 дақиқа давомида 6 минг марта у ёнидан бу ёнига югуриб, 42,195 километрлик марафон масофасини босиб ўтди. Спортчи ушбу марафон масофасини қадамни ўлчайдиган асбоби ёрдамида аниқлаб борди.

Марафончи балконда югураётганида маҳбубаси уни шарбат ва шоколад конфетлари билан сийлаб турди.

– Коронавирус пандемияси Францияда ҳам жуда кучайиб, бу юқумли касалликка чалинганлар сони ортиб бормоқда, – деди оммавий ахборот воситалари журналистларига берган интервьюсида Элиша Ночомовиц. – Мен балконда марафон масофасини югуриб босиб ўтиш билан ҳозир касаллик билан фидойиларча курашаётган шифокорларимизни қўллаб-қувватламоқчи бўлдим. Шу билан бирга ҳар қандай шароитда ҳам спорт, ҳатто кўп қаватли бино балконида марафон югуриши билан шуғулланиш мумкинлигини амалда исботлаш ниятим бор эди. Балконда югураётганимда қўшниларимнинг мени қўллаб-қувватлаб турганларидан жуда миннатдорман.

Югуриш пайтида ўйимга кўп нарсалар – пандемия иқтисодиёт, молия, шу жумладан спортга ҳам катта зарар келтираётгани, минг-минглаб одамларга кўп қулайсизликлар туғдираётгани келди. Бундай оғир вазият ҳар биримиздан матонат, фидойилик талаб этади.

Француз марафончисининг бу ибрати фақат ватандошларинигина эмас, Интернет орқали бундан хабар топган кўплаб спорт иҳлосмандларини ҳам ҳайратга солди.

 

olympic.uz