Skip to main content
Yangiliklar

Ўзбекистон таэквондочилари олимпия ўйинларида.

By 10.02.2020February 22nd, 2020No Comments

Токиода ўтадиган ёзги Олимпиада баҳслари бошланишига 5 ойдан камроқ вақт қолди. Ҳозирга қадар тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида қатнашиш ҳуқуқини ўзбекистонлик таэквондочи Никита Рафалович қўлга киритганидан хабарингиз бор. Бугун олдинги Олимпиадаларда юртимиз шарафини қайси таэквондочилар ҳимоя қилганини ёдга оламиз.

АФИНА-2004
Ўзбекистон таэквондочилари илк бор 2004 йил Афинада ўтган Олимпиадада иштирок этишган. Ўша йил -57кг вазн тоифасида Ирина Кайдашова чорак финалда, +67кг вазн тоифасида Наталия Микрюкова эса нимчорак финалда мағлуб бўлган эди.

ПЕКИН-2008
Хитойда ўтган Олимпия ўйинларида уч нафар таэквондочимиз қатнашишган. +67 кг вазн тоифасида Евгения Каримова нимчорак финалда тўхтаган бўлса, -68кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Дмитрий Ким чорак финалга қадар етиб борган. +80кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Акмал Эргашев бронза медали учун баҳсда нигериялик рақибига аламли тарзда мағлуб бўлганди.

ЛОНДОН-2012
Буюк Британиядаги мусобақада ҳам уч нафар таэквондочимиз юртимиз шарафини ҳимоя қилган. -68кг вазн тоифасида Дмитрий Ким ва +80кг вазн тоифасида Акмал Эргашев нимчорак финалда тўхташган. +67кг вазн тоифасида Наталия Маматова бронза медалига жанг қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун ўтиш баҳсида кореялик спортчига ютқазиб қўйганди.

РИО-ДЕ-ЖАНЕЙРО-2016
Бразилиядаги Олимпиадага ҳам Ўзбекистон таэквондо терма жамоаси уч спортчи билан борган. -80кг вазн тоифасида Никита Рафалович нимчорак финалда, -67кг вазн тоифасида Нигора Турсунқулова эса чорак финалда тўхташган. +80кг вазн тоифасида Дмитрий Шокин ярим финалга қадар етиб бориб мағлуб бўлган. Бронза медали учун жангда кореялик таэквондочига аламли тарзда имкониятни бой бериб қўйган.

Маълумот учун, Осиё қитъасида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи якуний лицензион мусобақа 10-11 апрель кунлари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ушбу мусобақада яна уч нафар таэквондочимиз Олимпиада лицензиялари учун кураш олиб боришади.