Skip to main content
Yangiliklar

Мақсад – йилни лицензион ҳудудда якунлаш

By 16.02.2023February 22nd, 2023No Comments

Бугун МОҚ раиси ўринбосари, Ўзбекистон таеквондо WТ ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов таеквондо WТ бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мураббийлар штаби билан учрашув ўтказиб, Бутунжаҳон таеквондо федерациясининг янгиланган тақвими асосида жорий мавсум кутиб турган мусобақалар режасини кўриб чиқди. Тадбирда Павел Хан бошчилигидаги терма жамоа мураббийлар штаби, тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам иштирок этишди.

Шерзод Ташматов жорий йилнинг муҳимлигидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир мусобақага алоҳида муносиб тайёргарлик кўриш лозимлигини таъкидлади. Осиё ва Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани, бу эса атлетларимиз зиммасидаги масъулиятни янада ошириши хусусида тўхталди. Йил давомида ўтадиган асосий мусобақаларда “Фужаираҳ Опен” турниридагидек юқори натижа қайд этилиш лозимлигини билдирди.

Ўз навбатида, Павел Хан халқаро ташкилот тақвими асосида терма жамоамиз вакиллари иштирок этиши режалаштирилган мусобақалар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, асосий эътибор жаҳон чемпионати, Осиё ўйинлари ва якуний Гран-при мусобақаларига қаратилади.

Суҳбат давомида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида иштирок этиши кутилаётган спортчиларнинг тахминий таркиби муҳокама қилинди. МОҚ раиси ўринбосари асосий таркиб билан бир вақтда захира спортчиларини ҳам тайёрлаб бориш, таеквондочиларимизнинг ҳар бир Олимпия вазнида лицензион ҳудуддан жой олишлари лозимлиги ҳақида тўхталди. Шунингдек, спортчиларнинг вазн ташлаш жараёнини енгиллаштириш учун уларнинг ҳар бирига алоҳида овқатланиш рационини шакллантириш бўйича қўшимча тавсиялар берди.