Бугун таэквондо бўйича Осиё чемпионати старт олди.
68кг вазн тоифасида Улуғбек Рашитов мусобақани нимчорак финалдан бошлади ва фаластинлик Фаҳид Абдулразоқни 2:0 ҳисобида таслим қилди. Чорак финалда мўғулистонлик Энгболд Буяншагаи 2:0 ҳисобида мағлуб этилди. Ярим финалда Рашитов эронлик Бозоргишоб Дариални таслим қилди – 2:0. Финалда ҳамюртимиз иорданиялик Заид Каримга қарши даянга чиқади.
46кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Зарнигор Ҳусниддинова нимчорак финалда сингапурлик Фелипа Ривас Изабель билан тўқнаш келди ва 2:0 ҳисобида зафар қучди. Чорак финалда Зарнигор кореялик Канг Ми Реуга имкониятни бой бериб қўйди – 0:2.
49кг вазнда ўзбекистонлик Чарос Қаюмова мусобақани чорак финалдан бошлади. Бу босқичда тайпеилик Хуанг Ших Юан таслим этилди – 2:0. Ярим финалда Қаюмова Саудия Арабистонилик Дуня Абу Талебни мағлуб этди – 2:0. Энди Чарос олтин медаль учун баҳсни эронлик Наҳид Кияничандеҳга қарши ўтказади.
Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати