Skip to main content
Yangiliklar

Таэквондо юлдузлари. Афғонистон қаҳрамони Роҳуллаҳ Никпай ҳақида

By 12.05.2022No Comments

1987 йил 15 июнь санасида Афғонистоннинг Вардак провинциясида туғилган Роҳуллаҳ 10 ёшидан бошлаб Қобул шаҳрида таэквондо билан шуғуллана бошлаган. Бироқ Қобул шаҳридаги нотинч вазият туфайли оиласи билан бирга Эрондаги афғонистонлик қочқинлар лагерига кўчиб кетади.

Вазият ўнглангач 2004 йилда қаҳрамонимиз Қобулга қайтади ва машғулотларини Олимпия спортчиларини тайёрлаш марказида давом эттиради. Никпай 2006 йил Дохадаги Осиё ўйинларида иштирок этади ва 1/8 финалда бўлажак кумуш медаль соҳиби таиландлик таэквондочига ютқазиб қўяди.

2008 йилги Олимпия ўйинларида 58кг вазн тоифасида Роҳуллаҳ германиялик рақибни мағлуб этиб чорак финалга чиқади. Ярим финал остонасида афғонистонлик спортчи мексикалик Гильермо Перезга ютқазиб қўяди ва бронза медали учун курашни давом эттиради. Якунда Перез олтин медалга эга чиққанини таъкидлаш лозим.

Роҳуллаҳ эса британиялик спортчини мағлуб этиб бронза медали учун баҳсда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Испаниялик Хуан Антонио Рамосга қарши кечган баҳсда 4:1 ҳисобида ғалаба қозониб тарихий натижа қайд этади. Ушбу бронза медали Афғонистон учун барча Олимпиадалар тарихидаги энг биринчи медаль бўлганди. Никпай мамлакат қаҳрамонига айланади ва мусобақадан қайтгач уни аэропортда минглаб инсонлар кутиб олади. Никпайни Афғонистон президенти Ҳамид Карзай қўнғироқ қилиб табриклайди ва уй, машина ҳамда бошқа совғалар тақдим этади.

Никпай ўша медаль қўлга киритилгач, интервьюлардан бирида шундай деганди: «Умид қиламанки бу 30 йиллик урушдан сўнг менинг юртимга тинчлик номаси бўлади».

2012 йил Лондонда ўтган Олимпиадада 68кг вазн тоифасида иштирок этган Роҳуллаҳ бронза медалига эга чиқади.

Эътиборлиси Афғонистон спортчилари ҳозирга қадар 14та Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этишган ва жами 2та бронза медали қўлга киритилган. Ўша иккала медаль соҳиби ҳам Роҳуллаҳ Никпай ҳисобланади.

Қаҳрамонимиз 2014 йил Тошкентда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳам иштирок этган ва бронза медалига эга чиққан.

РОҲУЛЛАҲ НИКПАЙ
Туғилган санаси: 15 июнь 1987 йил.
Туғилган жойи: Вардак, Афғонистон.

Эришган ютуқлари:
Олимпиада
Пекин-2008 – бронза
Лондон-2012 – бронза

Жаҳон чемпионати
Кёнджу-2012 – бронза

Осиё чемпионати
Лоян-2008 – бронза
Хошимин-2012 – кумуш
Тошкент-2014 – бронза

??? Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати