Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Шоҳруҳ Ражабов: “Бугунги мағлубият эртанги кунги муваффақиятдан дарак”

By 08.05.2022No Comments

Шоҳруҳ Ражабов – 1999 йил 11 январда Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилган.
Сурхон воҳасининг бу ўғлони асосан оғир вазн тоифаларидаги баҳсларда иштирок этади. Кенг феълли ва самимий таэквондочини жамоадошлари ҳурмат қилишади. Асосий таркибга жалб этилганлигига унча кўп вақт бўлмаган Шоҳруҳнинг асосий мақсади Олимпия ўйинлари шунингдек Жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда шохсупадан ўрин олиш. Мамлакат чемпиони, “Корея опен” халқаро турнири совриндори.

– Инглиз мақолларининг бирида “Чемпион бўлиш учун иқтидорнинг ўзи камлик қилади. Бунинг учун спортчи тинмай меҳнат қилиши керак” дейилганди. Шоҳруҳ хақиқатдан ҳам спортчи фақат меҳнат қилиш керакми?
– Албатта спортчи қанчалик меҳнатда тобланса, машғулотларни эринмасдан бажарса ва машғулотлар вақтидаги қийинчиликни енга олсагина чемпионлик сари одимлаб боради. Буни спорт юлдузлари ҳаётидан ҳам билса бўлади…

– Спортни танлашингизга оилада қаршиликлар ҳам бўлганми? “Қўй, шуғулланма” дейишганми ота-онангиз?
– Йўқ қаршиликлар бўлмаган аксинча оила аъзоларимнинг ўзлари мени қўллаб-қувватлаб туришади.

– Ғалаба ва мағлубият ёнма-ён юради. Шу икки ҳолатда ҳам спортчи қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?
– Тўғри мен спортда катта тажрибага эга эмасман, лекин кўплаб мусобақаларни кузатиб бораман ва бугунги мағлубият эртанги кунги муваффақиятдан дарак эканлигини биламан. Бу икки ҳолатга ҳам спортчи тайёр туриши керак. Кимдир ютади кимдир ютқазади.

– Ҳаётимдаги ҳар бир куним дарс, учратган ҳар бир инсоним муаллимимдир деган донишмандлардан бири, ҳақиқатдан ҳам шундайми? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
– Албатта ҳар бир учратган инсонимиздан ниманидир ўрганамиз ёки у қилаётган хатоликларни кўриб хулоса қиламиз ёки у қилаётган яхшиликларни кўриб фикр юритамиз.

– Биринчи мураббийингиз ким? Улардан нималарни ўргандингиз?
– Мураббийим Абдужаббор Ботиров бўладилар. Улар спортга илк қадам қўйган кунимдан бошлаб шу кунга қадар ёнимдалар. Тушунмаганларимни сабр билан ўргатдилар, спортда ҳақиқий спортчи бўлиш учун иродали, чидамли муҳими танлаган турини яхши кўришида ҳам мураббийнинг ўрни катта эканлигини яхши биламан.

– Энди 24 ёшга тўлдингиз. Мамлакатимизда айнан сизни вазнингида рақобатчиларингиз кўп эмас. Бу сизга қўл келадими?
– Бир томондан ҳа деб жавоб бериш мумкин, лекин иккинчи томондан қарасангиз спаррингда, Республика миқёсидаги турли мусобақаларда спорчи мукаммал даражада малака ошира олмаса, тажриба ортирмаса Халқаро мусобақаларга чиққанда қийналадику…

– Терма жамоа таркибидасиз, халқаро мусобақаларда қатнашяпсиз? Ниятингиз?
– “Генералликни орзу қилмаган аскар аскар эмас” дейишадику, ҳар бир спортчининг орзуси тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида иштирок этиш, кучлилар қаторидан жой олиш бўлса керак. Мен ҳам насиб қилса олимпия ўйинларида қатнашиб, юрт байроғини кўтаришни мақсад қилганман.

 

Ўзбекистон таэквондо WT Ассоциацияси матбуот хизмати