Skip to main content
Yangiliklar

Интервью. Шуҳрат Салаев: “Таэквондо орқали ҳаётда яшашни ўрганяпман”

By 20.04.2022No Comments

Ҳаёт йўллари турфа унда ҳар биримиз ўз ўринимизни топишга интиламиз ва бу йўлда турли тасодифлар сабаб у ёки бу касб эгасига айланамиз. Шуҳрат болалигида боксга қизиқди, лекин Урганч олимпия захиралари коллежига боргач, таэквондода фаолиятини бошлади. Бугун чемпион саҳифамизда биз айнан Шуҳрат Салаев ҳақида тўхлатиб ўтамиз.

Демак танишинг Шуҳрат Салаев. Хоразм вилоятида туғилган, Урганч олимпия захиралари коллежини тамомлаган, ҳозирда Урганч Давлат Университети талабаси. Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, 2019 йил Манчестерда ўтган Жаҳон чемпионати иштирокчиси, Неаполь шаҳрида ташкил этилган Универсиада ҳамда Ухань шаҳрида ўтган Бутунжаҳон армия ўйинлари иштирокчиси, Клублар ўртасидаги Осиё чемпионати ва “Фажр Опен” мусобақасида олтин, “Фужайра Опен” ва “Асиан Опен” мусобақаларида кумуш, “Туркиш Опен” ва “Осиё таэквондо федерацияси президенти кубоги” турнирларида бронза медали соҳиби.

– Шуҳрат спорт сизни нимага ўргатди?
– Спорт катта ҳаёт мактаби. Мен таэквондо спорт турини танлаганлигимдан афсусланмайман, аксинча таэквондо орқали мен дўстлар орттирдим, сабрли бўлишни, жамоа билан ишлашни, турли вазиятларда тўғри хулоса қилишни, бир сўз билан айтганда ҳаётда яшашни ўрганяпман.

– Кимларга ҳавас қилгансиз?
– Жасур Бойқўзиев, Дмитрий Шокин жангларини кузатиб борганман, улардек баҳс олиб боришга, жамоада ўз ўрнимга эга бўлишга, ҳар қандай вазиятда ҳам сабр билан иш кўришга ўрганганман.

– Қандай инсонларни ҳурмат қиласиз?
– Мен бир сўзли инсонларни ҳурмат қиламан. Инсон сўз бердими, албатта унинг уддасидан чиқиши керак. Айтишадику “арслон изидан, йигит сўзидан қайтмайди” деб.

– Келажакдаги режаларингиз қандай?
– Катта спортда фаолият олиб бораётган ҳар бир атлет тўрт йилликнинг нуфузли мусобақасида иштирок этишни ва шохсупадан ўрин олишни режа қилади ва шу режаси амалга ошиши учун тинимсиз изланади. Мен ҳам насиб қилса Олимпия уйинларида юрт шарафини муносиб ҳимоя қилишга астойдил ҳаракат қиляпман.

 

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати