Skip to main content
Yangiliklar

Таҳлил. “Turkish Open” йигитларимиз учун қандай ўтди?

By 17.02.2022No Comments

Хабарингиз бор, Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари 7-13 февраль кунлари Туркияда ўтган анъанавий “Turkish Open” халқаро мусобақасида иштирок этишди.

Вакилларимиз ушбу мусобақада 2та кумуш ва 1та бронза медалига эга чиқишди.

Ушбу материалда мазкур турнирда юртимиз шарафини ҳимоя қилган таэквондочи йигитларимизнинг иштирокини таҳлил қиламиз.

58кг вазн тоифасида Дониёр Маҳкамов илк босқичда мезбон давлат спортчиси Куску Билалга қарши даянга чиқди ва 14:6 ҳисобида ғалаба қозонди. Нимчорак финалда Дониёр кореялик Нам Йsонгхюкка қарши кечган қизиқарли ва шиддатли баҳсда 23:20 ҳисобида ғалабага эришди. Чорак финалда ҳамюртимиз яна бир кореялик спортчи – Жанг Жун билан тўқнаш келди. Афсуски бунда тажриба устунлик қилди ва Маҳкамов ярим финалга чиқа олмади. Якунда бу вазн тоифасида айнан Жанг Жун чемпион бўлди. Таъкидлаш лозимки, айнан шу таэквондочи яқинда ўтган “Fujairah Open” мусобақасида ҳам қатнашган ва олтин медални қўлга киритганди.

Худди шу вазн тоифасида яна бир ҳамюртимиз Отабек Турганбеков дастлаб туркиялик Дайиоглк Омер Фарук устидан 9:7 ҳисобида зафар қучди. Нимчорак финалда эса грециялик Рапсоманикис Дийонсиосга имконият бой берилди.

2021 йил 68кг вазн тоифасида Ўзбекистон чемпиони бўлган Диёрбек Тухлибоев эса “Turkish Open”даги юришини жуда эрта якунлашга мажбур бўлди. Илк босқичдаёқ словениялик Лин Ковачичга (ўсмирлар ўртасидаги 2021 йилги Европа чемпиони) қарши даянга чиққан Тухлибоев асосий вақтда дуранг қайд этди. Афсуски “олтин очко”лар бўйича европалик таэквондочига омад кулиб боқди.

Айнан шу вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Нажмиддин Қосимхожиев мусобақа кашфиётларидан бири бўлди десак муболаға бўлмайди. Дастлаб туркиялик Қодир Сантас таслим қилинди – 32:4. Сўнгра польшалик Матеус Шчесновский йўлдан олинди – 9:8. Туркиялик Мертчан Долмачи 36:23 ҳисобида мағлуб этилди. Чорак финалдан бошлаб Қосимхожиев учун “Корея очиқ чемпионати” бошланди. Сабаби дастлаб Ким Таэ Йонг мағлуб этилди – 25:23. Финал йўлланмаси учун Квон Дойун устидан ғалабага эришилди – 18:16. Олтин медаль учун баҳсда Нажмиддинга “Fujairah Open” мусобақасида бронза медалига эга чиққан яна бир кореялик спортчи Жин Хо Жун тўқнаш келди. Ушбу таэквондочи 2019 йил ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритган бўлса, 2021 йил катталар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медалга эга чиққанди. Афсуски финалда 17 ёшли ҳамюртимизга халқаро тажриба етишмади ва 2004 йилда туғилган таэквондочимиз катталар ўртасидаги илк халқаро мусобақани кумуш медаль билан якунлади. Мана шундай халқаро турнирлар орқали Нажмиддин янада кучли таэквондочига айланишига ишонамиз ва кейинги мусобақаларда чемпион бўлиб юртимизга қайтишини тилаймиз.

80кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Шуҳрат Салаев ҳам мусобақани кумуш медаль билан якунлади. Илк босқичда Салаев даниялик Эди Хрнични таслим қилди – 13:9. Сўнгра туркиялик Исмет Бегеч мағлуб этилди – 18:3. Ярим финалда озарбайжонлик Муҳаммад Мамадов ҳам боши эгик ҳолда даянни тарк этди – 15:1. Финалда ҳамюртимиз польшалик Сзимон Пиатковскига қарши кескин ва курашларга бой жанг ўтказди. Афсуски унда рақибга бироз омад кулиб боқди – 9:11. Шуҳрат Салаев 2019 ва 2021 йилларда ҳам “Turkish Open” мусобақасида қатнашган ва иккаласида ҳам бронза медалларини қўлга киритганди. Бу сафар эса ҳамюртимиз кумуш медалига эга чиқди. Кейинги йил Шуҳратдан олтин медаль кутамиз.

 

+87кг вазн тоифасида тажрибали таэквондочимиз Шоҳруҳ Ражабов ҳам юртимизга медаль билан қайтди. Дастлаб ҳамюртимиз озарбайжонлик Хайям Агаевни 17:4 ҳисобида мағлуб этди. Чорак финалда туркиялик Огуз Токгоз таслим қилинди – 11:6. Афсуски ярим финалда озарбайжонлик Радик Исаевнинг қўли баланд келди. Якунда айнан Исаев мусобақа ғолибига айланди. Шоҳруҳ Ражабов эса кетма-кет иккинчи йил “Turkish Open”да бронза медалини қўлга киритди.

 

🥋🇺🇿 Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати