Спортчилар халқаро мусобақада ғолиб бўлса, барча буни мураббийларнинг хизмати дейди. Аммо спорт психологларининг ҳам бу ғалабаларда ҳиссаси борлигини кўпчилик эътиборга олмайди. Шу муносабат билан бир неча йилдан буён Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида психолог бўлиб ишлаб келаётган Муфиза Ходжа Нурулла билан суҳбатлашдик.
– Спортчиларда ғалабага бўлган интилишни шакллантиришда нимага ахамият бериш керак?
– Психологнинг халқаро мусобақалардаги асосий вазифаси спортчини имкон қадар жангга тайёрлаш, шунингдек, мусобақа олдидан асабийлашиш, ўзига ишончсизлик, кучли рақибни мағлуб этишдан қўрқиш, йўлда бўлган психологик қийинчиликларни енгиб ўтишга тайёрлашдир. Вазиятга қараб психологик суҳбатлар ва тренинглар ҳам якка тартибда, ҳам гуруҳ бўлиб ўтказилади.
Спортчининг психологик тайёргарлиги учун, биринчи навбатда унинг шахсий портретини ўрганиш, бунга қараб, психотерапия усулларини, шунингдек уларни тузатиш усулларини танлаш керак.
Иккинчи асосий қисм – тўғри психологик ёндашув, тўғри мақсад ва спортчининг тўғри муносабати, бу айниқса юқори даражадаги спортчилар учун катта роль ўйнайди. Улар ўз ҳис туйғуларига дош бера олишлари керак, энг кам хатога йўл қўйган спортчи ғалаба қозонади. Бунинг учун машғулотлар, автотренинглар, спортчилар билан психотерапевтик индивидуал суҳбатлар ўтказилади.
– Туркияда ўтган мусобақа таасcуротлари?
– “Туркиш Опен” халқаро мусобақасида ёш спортчи Нажмиддин Қосимхожиев мисолида мусобақа олдидан ҳаяжонни бартараф этишда психологик ёрдам кўрсатилди, шунингдек, кураш руҳиятини юксалтириш бўйича машғулотлар, эмоционал стрессни бартараф этиш бўйича автотренинглар ўтказилди. Бунинг натижасида у психологик тўсиқларни енгиб, рақибларни таслим қилди ва кумуш медални қўлга киритди. Қолган барча спортчиларга вазиятга қараб малакали психологик ёрдам кўрсатилди.
– Спортчиларни рухий таёрлашда нимага эътибор бериш керак экан?
– Спортчи ғалаба қозониши, ғалабага интилиши учун энг аввало ўз олдига тўғри мақсадлар қўйиши, спортчида тўғри фикрлаш ва тўғри муносабатда бўлиш, ҳар куни ўз устида ва тафаккур устида ишлаш зарур. Ғалабага олиб борадиган асосий сифат – бу ишонч. Бунинг учун “Ўзингга ишон” психотерапевтик тренинглар, ментал тренинглар, жанг пайтида рақибни таниб олиш бўйича тренинглар, қўрқув, ташвиш ва тушкунлик бўйича тренинглар мавжуд. Синов, сўроқ, суҳбат ва кузатиш. Буларнинг барчаси биргаликда ва тўғри ёндашув билан спортчининг психологик тайёргарлигига, спортчининг психологик тайёргарлиги эса ғалабага олиб келади. Агар инсон жисмонан ва ҳатто психологик жиҳатдан тайёр бўлса, бу Ғалаба деганидир!!!
– Режаларингиз…
– Психологик тайёргарлик спортчининг ақлий, техник ва тактик имкониятларини ривожлантиришга ёрдам берадиган зарур фазилатларни тизимли равишда ривожлантиришни таъминлайди. Келажакдаги қийинчиликларни билиш, тегишли тайёргарлик, шу жумладан психологик тайёргарлик орқали спортчини зарур шароитларга кўниктиришга имкон беради. Менинг асосий режам – спортчининг психологик тайёргарлиги даражасини ошириш учун релаксация терапияси каби янги усулларни жорий этиш, эмоционал стресс ва мусобақа олдидан ҳаяжонни бартараф этиш, ҳар бир спортчи учун янги ғалабалар учун янги психотерапевтик тайёргарликни ишлаб чиқиш!
– Халқаро мусобақаларда психологнинг ўрни қандай?
– Психологлар нафақат ўқув-машғулот йиғинларида, балки мусобақа давомида ҳам катта роль ўйнайди. Сиз спортчини жангга бир неча ой тайёрлашингиз мумкин, спортчи жангга тайёр, лекин афсуски, мусобақада форс-мажор ҳолатлари мавжуд, уларнинг кўпчилиги тўсатдан оилада нимадир содир бўлди, яъни шахсий муаммолар, мусобақа олдидан кимдир ёки нимадир унинг кайфиятини бузди ёки у ким биландир жанжаллашди, яъни вазиятга қараб ва вазият бошқача, айнан шу дақиқада психологга ёрдам керак ёки ёш спортчи ўз ҳис-туйғуларига дош бера олмайди, мусобақада психологни йўқлигини кўради. Мусобақаларда уларни қўллаб-қувватлаш жуда муҳим, чунки ҳар бир киши психологик тўсиқларни турли йўллар билан енгиб ўтади, улар ҳамма учун индивидуалдир.
🥋🇺🇿 Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси матбуот хизмати