Yangiliklar

«Олимпиада чемпионини тарбиялашни орзу қилардим» — таэквондочи Улуғбек Рашитовнинг мураббийи

By 07.09.2021 No Comments

Таэквондочи Улуғбек Рашитов Токиодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон учун биринчи олтин медални қўлга киритди. «Газета.uz» спортчининг мураббийи Павел Хан билан суҳбатлашиб, ундан чемпионларни тарбиялаш, ғалаба сари йўл ва келажакдаги режалар ҳақида сўради.

Таэквондочи Улуғбек Рашитов Токиодаги Олимпиада ўйинларида Ўзбекистонга биринчи олтин медални олиб келди. Ҳал қилувчи баҳсда ўзбекистонлик спортчи 2019 йилги жаҳон чемпиони 22 ёшли британиялик Брэдли Синден устидан 34:29 ҳисобида ғалаба қозонди. Ваҳоланки, ўйин якунланишига 50 сония қолганида Рашитов 19:23 ҳисобидан ютқазаётган эди. Улуғбек Рашитов ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони бўлган биринчи ўзбекистонлик таэквондочи. Спортчининг мураббийи Павел Хан «Газета.uz»га берган интервьюсида чемпионни қандай тарбиялаш кераклиги ва нима учун меҳнат ҳамда тиришқоқлик истеъдоддан устун туриши ҳақида сўзлади.

— Қандай қилиб мураббий бўлгансиз ва нега мураббий бўлишни хоҳлагансиз?

— Мен ўзим илгари таэквондо билан шуғулланардим. Ҳар доим терма жамоада — болалар, кадетлар, ўсмирлар жамоаси таркибида бўлганман. Мен жаҳон чемпионатларида, Осиё ўйинларида қатнашардим, лекин медаль қўлга кирита олмаганман. Шунинг учун мени доимо қайсидир бир ишимни якулламаганлик ҳисси тарк этмади. Шогирдларим мен эришмаган натижаларга эришиши учун мураббийлик фаолиятини бошладим.

— Мураббий бўлмаганингизда, нима билан шуғулланардингиз?

— Менимча, дунёда қизиқарли касблар кўп. Лекин мен ўз ишимни жуда яхши кўраман. Ишга келаман ва бу ерда қувватланаман. Яна қайси касбни эгаллаган бўлардим — билмайман, лекин ишим ўзимга жуда ёқади.

— Спортчилар мураббийлари билан кўп вақт ўтказишади. Мураббийни оиланинг бир аъзоси дейишади. Ростдан ҳам шундайми?

— Албатта. Менинг икки нафар фарзандим бор ва мен уларни шогирдларимдан кўра камроқ кўраман. Чунки биз ҳали йиғинда, ҳали залда бўламиз. Мен эрта тонгда кетаман ва кечаси болаларим ухлаб ётганида қайтаман. Уларни фақат ухлаётганини кўраман. Биз камдан-кам бирга йиғилашамиз. Ҳақиқатдан ҳам, мураббий спортчи учун ҳам ота-она, ҳам шифокор, ҳам психолог бўлади.

— Ўз шогирдларингизга қандай қадриятларни сингдиришга ҳаракат қиласиз?

— Ҳақигўйлик ва адолат. Ҳамма нарса меҳнат эвазига эришилиши керак, ота-онанинг мавқеи сабабли эмас. Агар инсон спорт залида ишласа, машқ қилса, тер тўкса, эртами-кечми ўз мақсадига етади. Албатта, уларнинг ҳар бири ҳам Олимпиада чемпиони бўлмаслиги мумкин, лекин ҳеч бўлмаганда улар яхши инсон бўлишлари шарт.

— Ғалаба қозониш учун спортчи қандай хусусиятларга эга бўлиши керак?

— Спортчиларни ўқимаган ва нодон дейишади, аслида бундай эмас. Юксак марралар спорти инсондан ақл ва чаққонликни талаб қилади. Оёқни силкитишни маймунга ҳам ўргатиш мумкин. Замонавий спорт, хусусан, таэквондо зукколикни талаб қилади, тактика тузиш, қайси вақтда ҳужум қилиш, қайси вақтда қўйиб юбориш лозимлигини билиш керак. Спортчи ҳар бир рақибига қарши ўзига хос тактика билан чиқади. Бундан ташқари, спортчи меъёрида такаббурлик, меъёрида муросасиз бўлиши лозим. Лекин, биринчи навбатда, у яхши инсон бўлиб қолиши керак.

— Сизнинг шогирдларингиз қандай қоидаларга риоя қилиши керак?

— Спорт залига, катталарга, мураббийларга ҳурмат, итоаткорлик. Аммо қоидалар унчалик қатъий эмас дейишим мумкин, бизда ҳамма нарса етарлича демократик руҳда. Болалар қўрқиши учун уларни уришиб туриш мумкин. Лекин мен бундай услубин ёқламайман. Мураббийни ҳурмат қилишлари тарафдориман. Ёш сабабли эмас, албатта.

Ҳар бир спортчи — бу шахс. Ҳамма ҳар хил, мураббийнинг вазифаси эса ҳар бир спортчида шу ўзига хосликни топишдир. Кимдир уятчан, камтарин, кимдир эса такаббур. Камтарини ўзини эркинроқ ҳис қилиши учун йўналтириш керак. Такаббурини эса бироз ерга тушириш лозим.

— Чемпион бўлиш учун юксак истеъдод соҳиби бўлиш керакми ёки спортчи меҳнаткаш бўлиши муҳимроқми?

— Мураббий сифатида 14 йиллик фаолиятим давомида турли ҳолатларга гувоҳ бўлдим. Туғма истеъдодлар ва шакллантирилган истеъдодлар бор. Менимча, шакллантирилган истеъдод — бу узоқ муддатли лойиҳа. У бирор ютуққа эришса, ҳамма нарсани дарҳол ташлаб қўймайди, чунки у бунга қанча тер тўкиб эришганини тушунади.

Шу билан бирга, туғма истеъдод эгалари ғалабага осонлик билан эришишлари мумкин. Шунинг учун улар жуда тез совишади. Улар зерикишни бошлайди ва ўз устида ишлашни тўхтатади. Натижада меҳнаткашлар олдинга чиқади.

Биз ким чемпион бўлишини фақат тахмин қиламиз, лекин ҳаммаси худонинг қўлида. эса кўрсатади. Бизнинг вазифамиз — фақат ишлаш, машқ қилдириш ва спортчиларни юқори даражага олиб чиқиш.

— Шогирдларингиз сизни қандай мураббий деб таърифлашади?

— Улар мени меъёрида қаттиққўл деб таърифлашига ишонишни хоҳлайман. Улар менга шахсий режаларини айтишади. «Мураббий, мен уйланишини хоҳлайман» дейишлари мумкин. Баъзида бу ҳақида билган биринчи одам ота-онаси эмас, мен бўламан. Қандай мураббийлигимни уларнинг ўзлари таърифлагани маъқул.

— Шогирдларингизнинг қобилиятларини қандай ривожлантирасиз?

— Ягона сеҳрли йўлнинг ўзи йўқ. Залимизда 50 киши машқ қилади ва ҳар ким ҳар хил характерга эга. Темпераментга қараб, биз методика танлаймиз. Танбеҳ бермасанг машқ қилишни бошламайдиган одамлар бор. Яна шундай одамлар борки, уларга овозингизни кўтарсангиз, у қандайдир тушкунликка тушади. Мураббийнинг вазифаси нафақат оёқ-қўл билан уришни ўргатиш. Умуман олганда, мураббий — психологдир.

— Ҳал қилувчи жангдан олдин Улуғбекка қандай мотивация бердингиз?

— «Ватанимиз учун курашяпмиз», деб мотивация бердим. Эрталаб уйғонганимизда: «Бугун биз тарих яратадиган кун», дедим. Ўзбекистон тарихида таэквондодан битта ҳам медаль бўлмаган. Олимпия ўйинларида 2004 йилдан бери қатнашиб келамиз. Мен доим Олимпиада совриндори ва чемпионини тарбиялашни орзу қилардим. Айнан ўзим биринчи бўлишни хоҳлагандим. Энди орзуим амалга ошди. Лекин биз эришган ютуғимиз билан чекланиб қолмаймиз.

Биз учун фақат финал эмас, ҳар бир жанг муҳим. Мен Улуғбекка «Сен 19 ёшдасан. Кореялик спортчи Ли Дэ Хун (нимчорак финалда Рашитовнинг рақиби бўлган — таҳр.) 10 йилдан бери юқори поғонада. Бўлди, унга шу етади. Сенинг давринг келди ва сен уддалашингга ишонаман», деб айтдим.

Улуғбек Рашитов финалдаги ғалабасидан сўнг. Фото: МОҚ.

Иккинчи раунддан кейин ҳатто 15:4 ҳисобида ютқазаётган эдик. Бундай жангда уч карра жаҳон чемпионидан ғолибликни тортиб олиш имконсиз. Мен ўша пайтда Улуғбекка бақирганим йўқ. Мен унга: «Ула, атиги 15:4, ҳечқиси йўқ!» деб айтдим. Агар мен бақирганимда, танбеҳ берганимда ёки олдинга сурганимда, эҳтимол ютмаган бўларди. Ўша пайтда у ўз кучига ишониши керак эди.

— Улуғбек финалда ғолиб бўлганида нималарни ҳис қилднгиз?

— Аввалига мен ҳеч нарсани ҳис қилмаган бўлсам керак. Икки-уч кун биз нима бўлаётганини, Олимпия чемпиони эканлигимизни тушунмасдик. Медаль қўлимизда эди ва биз шунча интилган нарса амалга ошганини тушунардик. Лекин ишонгимиз келмасди.

Бу фақат Улуғбекнинг ёки менинг ғалабам эмас, балки бу ютуққа эришишимизда бизга ёрдам берган инсонларнинг ғалабаси: мамлакат миллий терма жамоаси, спарринг-шериклар, массажчи терапевтлар, мураббийлар, шифокорлар, ассоциация президенти Шерзод Тошматов ва ҳатто бизнинг ассоциациямизни тозаловчилар ҳам ўз ҳиссаларини қўшишди.

Бу бутун Ўзбекистоннинг ғалабаси. Юртимизда спортга бўлган муносабат қандайлигини биламан. Давлат бизга шундай шароитлар яратиб берганки, биз ушбу ишончни оқлашимиз керак эди.

— Ғалаба ва мағлубият — жуда эҳтиросли онлар. Эҳтиросларни қандай жиловлаш мумкин?

— Спорт — «ҳар доим ҳам чемпион» дегани эмас. Олимпия ўйинлари йўлида иккита оралиқ старт бор эди. Туркияда турли рақиблар билан куч синашдик, турли хил тактикаларни қўлладик, худди якуний репетиция сингари.

Кейинги йил Осиё ўйинлари. Улардан олдин ғалаба керак бўлмаган кўплаб оралиқ стартлар бўлади. У ерда иккита жанг ўтказиб, мусобақадан тушиш зарур.

Энг муҳими, спортчини жисмоний ҳолатининг энг юқори даражасига олиб чиқиш керак. Инсон машина эмас, у йил давомида энг юқори формада бўла олмайди.

— Эндиликдаги режаларингиз қандай?

— Айни пайтда чемпионимиз дам олмоқда. У машғулот ўтказа олмаяпти, чунки ҳар куни телевидение ва бошқа жойларга чақиришади. лар бор. Биз буни маъқуллаймиз, лекин Таэквондо ассоциацияси раиси айтганидек: «Бу энди тарих. Биз бу медални қўлга киритдик. Яна олдинга қараб юрамиз».

Режалар катта. Ҳеч бўлмаганда такрорлаш ва бунданда яхшироқ натижа кўрсатиш. Биз натижамизни икки ва уч баравар оширишга ҳаракат қиламиз.

 

gazeta.uz